5 та давлатнинг 16 та тиббиёт олийгоҳи талабалари ёзги мактаб тадбирлари доирасида Самарқандга келди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг “Халқаро ёзги мактаб”ига старт берилди. “Халқаро ёзги мактаб” доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Россия каби давлатларидаги жами 16 та тиббиёт олийгоҳларидан 50 га яқин талаба Самарқандга келди.

- Ёзги мактаб тиббиёт таълим муассасалари талабалари ўртасида ўзаро фикр, тажриба алмашинишлари ҳамда билим ва кўникмаларини янада оширишлари учун ўзига хос майдон вазифасини ўтаб беради, – деди Марат Оспанов номидаги Ғарбий Қозоғистон тиббиёт университети ректор маслаҳатчиси Талгат Нургожин.
“Халқаро ёзги мактаб” иштирокчиларига бир ҳафта давомида етук профессор-ўқитувчилар томонидан дарслар ҳамда мастер-класслар ташкил этилади. Шунингдек, спорт ўйинлари ва интеллектуал ўйинлар ўтказилади. Бундан ташқари, талабалар Самарқанд тарихий обидаларига саёҳат қилади.
И.М.Сеченов номидаги биринчи Москва давлат тиббиёт университети талабаси Наташа Шишкина ёзги мактаб ҳақидаги таассуротларини бўлишар экан: “Халқаро мактаб нафақат илмий-амалий жиҳатдан, балки, талабаларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказиш учун ташкил этилгани биз ёшларга янада қувонч бағишлади”, - деди.
Самарқандда тиббиёт таълим муассасаларининг “Халқаро ёзги мактаби” 7 августдан 12 августгача давом этади.