50 ёшли фуқаро хиёбонда пичоқлаб кетилди

Наманган вилоятида икки танишнинг хиёбондаги учрашуви пичоқбозлик билан якун топди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 7 март куни содир бўлган. 52 ёшли И.М. таниши 50 ёшли Б.Н. билан вилоятдаги Ўзбекистон кўчасида жойлашган хиёбонда учрашган.

Бир оздан сўнг улар ўртасида ўзаро низо чиққан. И.М. ёнида олиб юрган пичоқ билан Б.Н.нинг чап сон қисмига уриб, тан жароҳати етказган. Сўнгра жиноятчи ҳодиса жойидан яширинган.

Оқибатда Б.Н. кўп қон йўқотиб, воқеа жойида вафот этган.

Кўрилган чоралар натижасида И.М. ушланган ва ҳозирда гумонланувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (ўлимга сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.