Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

59 нафар талаба “Мирзо Улуғбек ворислари” танловида ғолиб бўлиб, 1,7 миллион сўмдан пул мукофоти олди

Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида ҳар йили “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танлови ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур танловда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти иқтидорли талабалари фаол иштирок этиб, муносиб тақдирланиб келинмоқда. Хусусан, 2023 йилда танловда иштирок этиш учун институт талабалари томонидан 32 та ариза топширилган бўлса, жорий йилда 117 та ариза берилди. Институтда талабаларга ноанъанавий усулларда билим берилиши, илк бор институтга қадам қўйган талабаларни “Устоз-шогирд” анъаналари асосида профессор-ўқитувчиларга бириктирилиши, илмга йўналтириш тизимли ташкил этилганлиги ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2023 йилда мазкур танловнинг туман босқичида 18 нафар, вилоят босқичида 8 нафар ва республика босқичида 6 нафар талабамиз ғолибликни қўлга киритди.

Жорий йилда “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловида иштирок этиш учун IQ тестдан 110 балдан юқори натижага эришган иштирокчилар сони 9837 нафарни ташкил этган бўлса, уларнинг 112 нафари институтимиз талабаларидир. Танловнинг 1-босқичи республикамизнинг 206 та туман (шаҳар)ларида ўтказилиши режалаштирилган. Институт талабаларининг 51 фоизи бошқа вилоятларда доимий истиқомат қилиши боис танловда Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари туманларида талабаларимиз фаол иштирок этмоқда.

Институт иқтидорли талабалари IT технологиялар, қишлоқ хўжалигида ноанъанавий озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ундан янги турдаги маҳсулотлар олиш, иккиламчи маҳсулотлардан сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини олиш, ресурс тежамкор технологиялар, ҳудудларда агротуризмни ривожлантириш ва бошқа турдаги  ғоя ва лойиҳалари билан танловда қатнашмоқда. Хусусан, институтнинг агробиология факультети 2-босқич талабаси Фотима Қодирқулова “Экологик тоза ўсимлик сути ишлаб чиқариш” инновацион лойиҳаси билан 1-босқичда Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида иштирок этиб ғолиб бўлди. Ф.Қодирқулова ноанъанавий экин бўлган ясмиқ ўсимлигини етиштириб, ундан экологик тоза ва витаминларга бой ҳамда дориворлик хусусиятига эга бўлган сут олиш технологиясини ишлаб чиқиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодиёт ва бошқарув факультети 2-босқич талабаси Шаҳзода Бойқулова “Health Heart” инновацион лойиҳаси билан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар босқичида ғолиб бўлди. Ш.Бойқулова инновацион лойиҳасида қишлоқ ҳудудларида органик ўрикзор ташкил қилиш орқали агротуризмни ривожлантириш, ўрик ва ундан олинган туршак маҳсулотини қуритиш, майдаланган ҳолда чой шаклида қадоқлаш орқали янги турдаги маҳсулотни яратиш ва уни экспортга йўналтириш борасида илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқда.

Умумий олганда, институтнинг 59 нафар иқтидорли талабаси “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловининг туман босқичида ғолиб бўлиб, ҳар бири 1 млн 700 минг сўмдан пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди. Танловнинг вилоят босқичи 11-27 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

Шукрулло Муратов,

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш сектори бошлиғи.