"7+" нима дегани?

Дада, телевизоримиз экранида шунақа рақамлар пайдо бўлиб қоляпти. Нима бу?

Бу кўрсатув ва фильм етти ёшдан катталар учун, ёш болалар эса "Болажон"ни кўрсин дегани, – дедим.

Аммо ўғлимнинг юз ифодасидан билдимки, бу унинг саволига анчайин тўмтоқ жавоб эди. Ўзимда эса баъзи мулоҳазалар пайдо бўлди...

Маиший ва ахборот имкониятларимизнинг ортиб бораётгани баъзида ўзлигимизга, маънавиятимизга пинҳона таҳдид солаётгандек. Хусусан, "омма­вий маданият" тарғиботчилари ахлоқсизлик ғояларини ёшлар онгига сингдиришда телевидение, интернет ва бошқа коммуникация технологияларидан муҳим восита ўрнида фойдаланаётгани бунга яққол мисол.

2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун айни шу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, уларнинг олдини олишга қаратилгани билан муҳим бўлди.

Мазкур қонуннинг болаларнинг соғ­лиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ҳамда ахборот маҳсулотининг ёшга доир таснифи 3-бобда батафсил ёритилган. Хусусан, ўз жонига қасд қилиш, болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, ота-онага ҳурматсизлик, оилавий қадриятларни инкор этувчи, порнографик хусусиятга эга бўлган ахборотлар болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулотлари жумласига киритилган. Ёшга доир тоифа белгиси унинг намойиши бошлангандан сўнг ҳамда ҳар бир реклама танаффусидан кейин экраннинг бурчагида камида саккиз сония давомида намойиш қилиниши лозим. Аммо айрим телеканаллар ҳанузгача бундай қоида талабларига эътиборсиз экани тушунарсиз ҳолат.

Шунингдек, қонунда ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи уни болаларнинг ёш тоифаларидан бирига киритиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Телеканалларда "0+, 7+, 12+, 16+, 18+" каби эслатмалар катта ёшдаги томошабинни, хусусан, ота-оналарни сергак торттириши лозим. Экранда "7+" ёзуви пайдо бўлдими демак, кўрсатув ёки фильмда етти ёшдан кичик фарзандингиз кўриши мумкин бўлмаган кўриниш мавжуд.

Айрим телеканаллар ва интернет тармоқларида турли ғайриодатий ҳаракатлар, шафқатсизлик тарғиб қилинган видеороликларнинг  намойиш этилиши ва ундан ёшлар салбий кўникма ҳосил  қилиши, ҳатто уни амалда синаб кўриш ҳолатлари учрамоқда. Оқибатда ўта шаф­қатсиз ва жамият учун хатарли жиноятлар пайдо бўляпти, турли ижтимоий тармоқларнинг маълумотларни сараламасдан тақдим қилаётгани эса баъзи ёшларни киберқаҳрамон бўлишга ундаши шубҳасиз

Афсуски, расмий ахборот манбалари, хусусан, давлат телеканаллари ҳам бевосита, баъзан эса билвосита бу ғаразгўйларнинг тегирмонига сув қуяётгандек. Хусусан, сўнгги пайтларда телевидениеда "жиноят ва жазо" рукни остида берилаётган кўрсатувлар шафқатсизлик, зўравонлик каби фактлар билан намойиш этилаётгани кўп учрайди. Албатта, бу ҳолатда таъсирчанликни ошириш, жиноятчиликнинг ёмон оқибатларини кўрсатиб бериш мақсад қилинган.

Аммо шуни ҳам назардан қочирмаслик керакки, телевизор қаршисида ҳали онгу шуури шаклланиб улгурмаган, ҳаётий кўникмаларга эга бўлмаган ёшлар бор. Бу айрим ҳолатларда инсон руҳиятига салбий таъсир қилиши, ҳатто яхши мақсадда тайёрланган кўрсатувнинг тескари натижа беришига сабаб бўлиш эҳтимоли катта.

Сулаймон МАРДИЕВ.