7 ойда Самарқандда 192 та коррупция ва мансабдорлик жиноятлари содир этилган

257 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган

Вилоят ҳокимлигида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаш аъзолари, бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров вилоятда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида содир этилган коррупциявий жиноятлар ҳақида маълумот берди.

- Вилоятда жорий йилнинг 7 ойи давомида 192 та коррупция ва мансабдорлик жиноятлари содир этилган ва 257 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, - деди Н.Умаров. - Бу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат манфаатларига 110 миллиард сўм зарар етказилган.

Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 156 нафари мол-мулкни талон-торож қилиш, 23 нафари фирибгарлик, 14 нафари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, 13 нафари пора бериш ва пора олиш, 51 нафари бошқа тоифадаги коррупциявий жиноятларни содир этган.

Жиноятлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, асосан мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик, олий таълим, банк ва ички ишлар тизимидаги ходимларнинг жиноят содир этганлигини кўриш мумкин. Ёмони, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва ҳокимлик тизимида бюджет маблағларини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган кўриниши ойлик иш ҳақини ортиқча ҳисоблаб ёзишда намоён бўлган.

Мажлисда бу ҳолатлар таҳлил этилиб, вилоятда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган тадбирлар натижасига мос келмаслиги, айрим соҳалар ҳамон энг коррупциялашган соҳалигича қолаётганлиги таъкидланиб, бу жиноятга қўл ураётган мансабдор шахсларга нисбатан қаттиқ жазо қўлланилиши зарурлиги айтилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди ва Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаш ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига зарур топшириқлар берди.