75 нафар каттақўрғонлик ёш бепул ҳайдовчилик гувоҳномаси оладиган бўлди

Бу ҳақда “Ватанпарвар” ташкилоти Каттақўрғон тумани ўқув спорт-техника клубида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида айтилди.
Унда, дастлаб, жамоат ташкилотлари вакиллари, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар, ўқувчилар ҳамда бошқа туманлардан таклиф этилган ўқув спорт техника клуби ходимлари ўз кўргазмалари билан иштирок этди.
- Туманларимиз орасида энг намунали ўқув спорт техника клуби бўлгани учун тарғибот тадбирини айнан шу ерда ўтказяпмиз, - дейди “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бунёд Қўшоқов. – Энди бошқа туманларда ҳам шундай кўргазмали тадбир ўтказамиз. Чунки тарғибот тадбирини ўтказиш орқали ўқув спорт техника клублари фаолиятини кенгайтириб, унга аъзолар сонини ҳам ошириш имконияти яратилади.
Тадбирда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Насриддинов “Темир дафтар” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг 75 нафар фарзандини маҳаллий бюджет ҳисобидан бепул ҳайдовчиликка ўқитишга розилигини билдирди.
Ҳусан Элтоев.