8 январь - Прокуратура органлари ходимлари куни: Тадбиркорлар ҳуқуқи прокуратура ҳимоясида
Амир Темурнинг «Тажрибамдан кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган сўзлари ҳамма замонларда ҳам бир хил қимматга эга бўлган. Аждодларимиз тадбиркорни жамиятнинг энг илғор, тадбирли, ишнинг кўзини билувчи, доно ва комил аъзолари сифатида билиб, қадрлаб келганлари бежиз эмас.
Бугун ҳам мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шунга мос қонунчилик, ҳуқуқий асос яратилмоқда. Мазкур қонунлар ижросини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармасида ҳафтанинг душанба куни мунтазам ўтказиладиган тадбиркорлар қабулида вилоят прокурори ҳам иштирок этиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларга ечим топишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, туман ва шаҳар прокуратуралари томонидан 2022 йилда жойларда 470 та сайёр учрашув ўтказилиб, 3130 та мурожаат жойида ҳал қилинди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида тадбиркорларнинг 723 нафарига кредит олишда, 38 нафарига 43,9 гектар ер майдони беришда, 30 нафарига бино ажратишда ёрдам берилди. Бундан ташқари, коммуникация тармоқларига уланиш, лицензия ва рухсатнома расмийлаштириш масалалари билан боғлиқ мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Амалга оширилган тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида прокурорлар кўмагида 1307 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 1094 тасининг фаолияти қайта тикланди ва 1770 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.
Мисол учун, Жомбой туманида фаолият кўрсатувчи «Anisa Fayz» МЧЖ паррандачиликни ривожлантириш фаолиятида айланма маблағларини тўлдириш учун 1 миллиард 300 миллион сўм, Иштихон туманидаги «Alpomish sara toshlari" МЧЖга бетон ва темирбетон плита маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналари харид қилиш учун 3 миллиард 500 миллион сўм кредит ажратишда ёрдам берилди.
Вилоят прокурорининг соҳавий ўринбосари томонидан стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳа ташаббускорлари, экспортёр корхона раҳбарлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан жойига чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Жумладан, "Ургут" эркин иқтисодий зонада фаолият олиб борувчи "URG-TAJ" МЧЖ раҳбари Ф.Аҳмаджонов томонидан солиқ қарздорлиги тўлиқ тўланган бўлса-да, Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими томонидан жамият ҳисоб-рақамига солинган банд ечилмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди ва тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди.
Бундан ташқари, ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, бу камчиликлар бартараф этилди. Жумладан, "Каттақўрғон наслли чорва" МЧЖ раҳбари М.Ҳамдамовнинг 2022 йил 11 январдаги "Қорадарё" электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан ноқонуний қарздорлик ҳисобланганлиги ҳақидаги мурожаати Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, асоссиз қарздорлик олиб ташланди.
Ўтган йил вилоятимиз тадбиркорлари томонидан 380,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши, 244,0 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилишида ҳам прокуратура органларининг муносиб ҳиссаси бор.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги бу каби ишлар жорий йилда ҳам давом этади.
Хондамир Мардиев,
Самарқанд вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.