8 нафар афв этилган фуқаролар ишли бўлади

Рамазон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари фармони асосида 16 нафар самарқандлик юртдошимиз ҳам афв этилганди.

Вилоят ҳокимлигида жазони ижро этиш муассасаларидан шартли озод этилган ва бугун оиласи бағрида яшаётган, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган 8 нафар афв этилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов ва бошқа масъуллар тўғри йўлдан адашган бу юртдошларимизнинг бугунги ҳаёти, орзу-ниятлари билан қизиқди. Уларнинг оилавий шароити, саломатлиги ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди. Шу асосида мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Жумладан, ургутлик Фаррух Эргашев жазони ижро этиш муассасасида тикувчиликни ўргангани, замонавий тикув машинаси олиб берилса, эркаклар кўйлак-шими тикиб, шу орқали ўзини-ўзи банд қилишини айтди. Унга туман ҳокимлиги томонидан тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.

Каттақўрғонлик Даврон Раббимов эса туман марказида енгил конструкцияли тандирхона қуриб берилса, сомсапазлик билан шуғулланишини билдирди. Унинг ижтимоий аҳволи, бир ҳовлида бошқа кўпчилик бўлиб яшаши инобатга олиниб, туман ҳокимлиги балансида турадиган уй-жойлардан бирини ажратиш масаласи кўриб чиқилиши айтилди.

Суҳбат давомида Каттақўрғон тумани Чиғатой маҳалласида яшовчи Абдумурод Сайфуллаев умрининг 11 йилини зулматда, панжара ортида ўтказганини айтиб, бу йўл катта хато эканлигини англаганини афсус билан гапириб берди. Ҳозирда асаларичилик билан шуғулланишни бошлаганини айтиб, уй-жойини таъмирлашда ёрдам сўради.

Бошқа юртдошларимизга ҳам белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.

Ҳусан Элтоев.