85 ёшни қаршилаган икки фахрий журналистни йўқлаб...
Кеча ўз таваллуд айёмини нишонлаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов ҳамда умрининг ярмини газетачиликка бағишлаган Жамила Ҳусаиновани йўқладик.
Дастлаб, Самарқанд шаҳрида яшовчи “Зарафшон” газетасида ҳарф терувчи, мусаҳҳиҳ сифатида ишлаган Жамила Ҳусаинова хонадонида бўлдик.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси А.Ҳайдаров, “Зарафшон” газетаси масъул котиби, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси А.Шерхолов устоз билан дилдан суҳбатлашди.
Суҳбат давомида ўша пайтдаги иш жараёни билан боғлиқ қизиқарли воқелар эсга олинди. Газетачиликнинг машаққати ва завқли экани айтиб ўтилди.
Онахон қўлларини дуога очиб, юртимиз тинчлиги, бугунги дориламон кунимизга кўз тегмасин, журналистика равнақ топиб бораётган бугунги жамиятда ижодкорлар учун берилаётган имкониятлар ва ишончлар ортиб бораверсин, деди.
Ширин суҳбат якунида устоз ижодкорни касб байрами арафасида таҳририятга таклиф этишимизни билдирдик.
Кейинги манзилимиз Самарқанд шаҳридан чиқаверишдаги сўлим масканда ташкил этилган юбилей тадбири бўлди. Тадбир сабабчиси - устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “I даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Облоқул Усмонқулов.
Бу масканда устознинг шогирдлари, кенг жамоатчилик вакиллари, яқинлари жам бўлди.
Ўзбекистон нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раисининг табриги ҳамда вилоят ҳокимлигининг табриклари ўқиб эшиттирилди. Таклиф этилган меҳмонлар устознинг газетачилик ҳамда радиодаги фаолияти давомида қилган эзгу ишларини бирма-бир санадилар.
Табрик давомида вилоят телерадиокомпаниясида “Нуроний” студиясининг ташаббускори бўлганлиги эсга олинди ва бу иш давом этиши, кекса нуронийлар тўғрисида махсус кўрсатув ташкил этилиши таклифи билдирилди.
Облоқул бобонинг кексайиб қолдим демасдан айни кунда вилоят “Китобсеварлар” жамияти раҳбари сифатида фаол бўлиб келиши ҳам алоҳида эътироф этилди.
Ҳусан Элтоев.