90 ёшли онахон 60 миллион сўмлик саховат кўрсатди

Самарқанд туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ва коронавирусга қарши кураш штаби бошлиғи Фурқат Валиев коронавирус муаммоларини бартараф этиш бўйича банд бўлган бир вақтда иш телефони жиринглаб қолди. 

- Лаббай эшитаман! 

Ассалому алайкум! Мен Тошкент шаҳридан Муаззас Солиҳбоева бўламан, - деди у. - Яратганга шукур, 90 ёшни қаршиладим. Муқаддас Рамазон ойида “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшиш мақсадида туман шифохонасида ишловчилар учун 60 миллион сўмлик махсус кийим-кечак ва тиббий буюмлар олдим.

Самарқанд менинг юрагимдаги шаҳар. Раҳматли умр йўлдошим Саид Солиҳбоев кўп йиллар Самарқанд туман партия комитетининг биринчи котиби вазифасида меҳнат қилган. Мен кўҳна шаҳар ва Самарқанд туманининг нон-тузини кўп еганман, шунинг учун мазкур туман халқига эҳтиромим чексиз. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган бўлсам-да, ҳали-ҳалигача Самарқандни қумсаб тураман. 

Ишончим комилки, муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ҳғамхўрликлари ва ташаббуслари билан коронавирус албатта бартараф этилади, мен туҳфа этган тиббиёт буюмлари бу касалликнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатаётган шифокор-у ҳамширалар учун асқотиб қолар, деб ўйлайман.

Шу суҳбатдан кўп ўтмай саховатпеша онахон Муаззас Раҳимовнанинг туҳфаси туман тиббиёт бирлашмасига етиб келди. Беминнат мурувват кўрсатган онахонга тиббиёт бирлашмаси жамоаси миннатдорлик билдирди. 

Зоҳир Ҳасанзода, 

Нозим Файзиев.