“Абдул” эмас, Абдуллоҳ, денг

Ижтимоий тармоқларда кўзим тушиб қолди – бир киши янги туғилган боласига “Янги Ўзбекистон” деб исм қўйишга рухсат беришмаётгани учун жанжаллашибди. “Фарзанд меники, нима исмни раво кўрсам шу бўлади” деб дўқ уряпти.

Исм қўйиш ота-онанинг ўз фарзанди олдидаги биринчи мажбуриятларидан ҳисобланади. Буни кўпчилик яхши англайди ва боласига маъно-мазмунли ном танлайди. Ёки оилавий қадриятлари, шажарасидан келиб чиқиб, исм қўяди. Яна кимлардир машҳур кишиларга, эл ўртасидаги ҳурматли инсонларга ҳавас қилиб, фарзандига улар номини беради. Буни ҳам тўғри тушуниш керак.

Аммо, баъзан айрим ота-оналар ўз шахсий қизиқишлари, хоббилари асосида қўшиқчилар, киноқаҳрамонлар ёки футболчилар исмини боласига қўяди. Бу исм ўз тили, миллати, халқи турмуш тарзига мос бўлса яхши, аксинча бўлса-чи?

Хўш, Жумонг, Тайсон, Месси, Марадона деган исмларнинг мазмунини биласизми? Сиз шу “қаҳрамон”ларга ҳавас қилиб болангизни улар номини қўйибсиз, майли. Эртага болангиз улғайиб, исмидан уялмайдими? Буни тўғри қабул қиладими?

ФҲДЁ бўлимлари ходимлари ҳам нима қилсин, ота-она шу исмни раво кўрса, уларнинг қўлидан нима келади. Тўғри маслаҳат, тавсия берар, аммо буни “қайсар” ота-она қабул қиладими?

Яна бир гап. Фарзандга яхши исм қўйганингиздан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақиришади. Яъни, Абдураҳмонни “Абди”, Абдуллоҳни “Абдул” дейишади. Бу аввало, исм эгасига нисабатан, қолаверса, улуғ номларга ҳурматсизлик эмасми?

Ҳусниддин Холдоров.