Абдураҳмон Жевачи - озодлик курашчиси

Мустақиллик халқимизга беқиёс имкониятларни берди, ўзлигимизни танидик, улуғ миллат эканлигимизни дунё тан олди. Шукурки, бугун эркин ва озод ҳаёт кечиряпмиз, турмушимиз фаровон.

Аммо бундай тинч ва осойишта ҳаётга осонлик билан эришилмади. Аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган бу дориламон кунлар учун халқимиз ва миллатимизнинг минглаб асл фарзандлари жонини фидо қилди, озодлик учун курашдилар.

 

Ана шундай миллат озодлиги учун курашган, 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони яловбардорларидан бири Абдураҳмон Жевачи (Абдужаббор ўғли) эди.

Жиззах вилояти Фориш тумани, Кўҳнабозор қишлоғидаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган хотира тадбирида эрк ва озодлик курашчиси Абдураҳмон Жевачининг мард ўғлонларга бош бўлиб, ёвга қарши мардонавор курашганлиги ҳақида сўз юритилди.

- Назирхўжа Эшон, Муҳаммад Раҳим, Абдураҳмон Жевачи етакчилигида бошланган “Боғдон волости қўзғолони” халқимизнинг зўравонлик, зулм ва мутеликка қарши исёни эди, - дейди меҳнат фахрийси, тарихчи Айюб Жумҳуров. – Бу исён мустамлакачилар томонидан шафқатсиз бостирилган бўлса-да, миллий озодлик ҳаракатининг илк кўринишлари эди. Унинг тарихий аҳамияти шундаки, у эзилган халқнинг эрк ва озодлиги, ҳақ-ҳуқуқи учун мардонавор курашчиларни майдонга чиқарди. Жафокаш элнинг онгу тафаккурида мустамлакачилик ва зулмга қарши бирлашиб курашиш орқалигина озодликка эришиш мумкинлиги ҳақида умид ва ишонч уйғотди.

Собиқ иттифоқ даврида бу исён дин пешволарининг қутқуси билан рўй берган реакцион қўзғолон, деб нотўғри талқин қилинди. Аслида қўзғолоннинг бошида халқни озод ва мустақил кўришни орзу қилган элнинг мард ўғлонлари турдилар. Улардан бири Абдураҳмон Жевачи эди.

Шукурки, бугун Ватан ҳуррияти йўлида босқинчиларга қарши чиққан озодлик ҳаракати аъзоларининг ҳаёт йўли мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб қайта тиклана бошланди. Бундай эзгу ишлар бугун ҳам давом этиб, форишлик ижодкор педагог Анвар Жавлонов Жевачи ҳақида тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Унинг бугунги авлодлари билан суҳбатлашиб, уларнинг хотираларини ёзиб, тарихий маълумотларни қайта ўрганиб, «Тоғ бургути» номли қиссани ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Ўзим эса Абдураҳмон Абдужаббор ўғли бошчилигидаги миллий-озодлик ҳаракати тарихини аниқ фактлар асосида ёритишни мақсад қилиб, “Юртни севмоқ саодати” асаримни чоп эттирдим.

Тадбир давомида Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, таниқли тадбиркор, меҳнат фахрийси Жуманиёз Алибеков, форишлик зиёлилар ва фаоллар миллий истиқлол ғояси учун курашган маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизнинг бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрига етиб яшаши лозимлиги ҳақида тўхталдилар.

- Бу заминдан етишиб чиққан инсонлар халқимизнинг қандай ишларга қодирлиги, миллат эрки, ҳурлиги учун жонини фидо қилишлари мумкинлигини намоён этди, - деди Фармон Тошев. – Афсуски, маълум муддат мустамлакачилар тазйиқи остида озодлик учун курашган шахслар билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни унутдик, уларнинг ҳаракатлари мазмунини бошқача талқин қилдик. Яқин тарихимизда ўчмас из қолдирган юртдошларимиз тақдирига оид маълумотлар архив папкаларида, музейларда очиқланмасдан қолиб кетди. Ҳозир эса Абдураҳмон Жевачи каби юрт қаҳрамонларининг ҳақиқати рўёбга чиқяпти.

Бугунги тадбирда иштирок этиб, билдикки, одамларнинг ўз тарихи, ўтмиши, аждодлари бажарган эзгу амаллар, ота-боболари қандай фазилатларга эга бўлганликлари ҳақида билишни истайди, иштиёқи юқори. Буни уларнинг ташаббуси билан Кўҳнабозор қишлоғининг марказий кўчасига Абдураҳмон Жевачи номи берилганидан ҳам билиш мумкин. Қўзғолон баҳонасида форишлик минглаб одамлар қатл этилгани, юзлаб хонадонлар ёқиб юборилганлигини ҳали одамлар унутмаган.

Жевачининг набираси Раҳмон Сарабеков, у кишининг фарзандлари, қолаверса, кўҳнабозорликларнинг бу каби тадбирларни ташкил этиб, зиёли, юртсевар бобосининг хотирасини тиклаш, тарихий ҳақиқатни очиқлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари халқимизга ибрат намунасидир.

Тадбир якунида иштирокчилар қишлоқ қабристонида бўлиб, Абдураҳмон Жевачи хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилдилар. Форишлик отахонлар миллат қаҳрамонлари номини абадийлаштириш ҳаракатида бўлаётган олимлар ва фаоллар ҳақига дуо ўқидилар.