Абитуриент “катта”ми ёки ўқитувчи?

«Аловиддиннинг сеҳрли чироғи» фильмида подшо кўрган тушни таъбирлаётган донишманд “Туш ўнг бўлмас, ўнг туш бўлмас...” дейди. Ўша ибора кейинги пайтда шу қадар машҳур бўлдики, айрим ҳолларда кишиларимиз беихтиёр ҳам қўллаб юборишмоқда. Шунга қарамай аксар ҳолларда ўрнига тушмоқда

Мисол учун, таълимга янги жорий қилинган “Миллий сертификат” баҳолаш тизим ҳақида ҳам шу иборани бехижолат ишлатиш мумкин.

Таълимга тош отмаган бир сен қолгандинг, дейишга шошилманг. Бу ерда гап фақат таълим ҳақида бўлганда майли эди. Гап таълим берувчиларга муносабат ҳақида кетаётгани учун масалани чалкаштирмайсиз, деган умиддаман.

Демак, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, “Миллий сертификат”нинг тегишли даражасига эга айрим умумтаълим фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкасига нисбатан маълум фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланиши белгиланган. Худди шундай “қоғоз”га эга абитуриентга олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга кириш тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган балл бериш тартиби жорий этилган.

Бир қарашда ҳаммаси яхши. Муаммо нимада дерсиз?

Ўзингизга маълум, олий таълим муассасаси талабасига диплом юқори савия ва илмий даражага эга профессор-ўқитувчиларнинг чиғириғидан ўтиб, етарли билимни ўзлаштиргач, берилади. Абитуриент эса тегишли тестлардан бошқалардан кўра кўпроқ балл тўплаб, юқоридаги устозлар чиғириғидан ўтишга даъвогар киши.

Яъни, олий ўқув юрти битирувчиси ва абитуриент илми орасида фарқ бор. Шунга қарамай “Миллий сертификат” баҳолаш тизими имтиҳони абитуриент учун ҳам, ўқитувчи учун ҳам бир хил тест ва бир хил талабда ўтказилади.

Тўрт йил ўқиган ўқитувчи шу сертификат билан ойлик маошига устама оляпти. Абитуриент эса талаба бўлиш бахтига муяссар бўляпти.

Кимгадир ниманидир ўргатмоқчи эмасман. Нимадир нотўғри деган давом ҳам йўқ. Лекин мени бир савол қийнайди: бугунги тартибдан келиб чиқсак, абитуриент “катта”ми ёки ўқитувчи?

Олим Нодиров.