Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Абитуриентлар учун қандай янгиликлар бор? Бешта фандан бериладиган тест саволларининг қанчаси мураккаб?

- Бу йилги тест синовлари очиқ майдонларда бўлиб ўтадими? Самарқандда тест синовлари қаерларда ўтказилади?

- Самарқанддаги тест синовлари 5 та ҳудудда, очиқ майдонларда бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳар Депо кўчасидаги «Локомотив» футбол стадионида 1200 та, Сартепа 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 1080 та, Кимёгарлар қўрғони «Нурафшон» футбол стадионида 960 та, Самарқанд туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 960 та, Жомбой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 1200 та, жами 5400 та ўрин ҳозирланган.

- Тест синовларига абитуриентлар ўзлари билан нималарни олиб келишлари керак?

- Тест синовларида абитуриентлар ўзлари билан шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли ҳамда рухсатнома олиб келишлари талаб этилади.

- Тест синовларида асосий фанлардан тушадиган саволларнинг қанчаси мураккаб?

- Тестологияда баҳолаш тестлари ҳамда саралаш тестлари фарқланади. Давлат тест марказида умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш ва билим даражасини баҳолашнинг Миллий тест тизими доирасида тест синовлари ўтказилади. Кириш тест синовларида қабул квотаси мавжуд, яъни чеклов бор, шунинг учун тест синовлари вариантлари шакллантирилаётганда асосий фанлардан тушадиган 30 та саволнинг 12 таси осон, 12 таси ўртача, 6 таси мураккаб шаклларидан фойдаланилади.  

- Қўшимча 3 та фандан бериладиган саволларда мураккаблари борми ёки ўртача, осон саволлардан тузилганми?

- Мажбурий фанлар блокида бериладиган саволларнинг барчаси мазкур фанлар бўйича осон саволлардан тузилади.

- Миллий сертификати бор абитуриентларга ўша фандан 100 балл бериладими?

- Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорида 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМ бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилиши белгиланган.

Мазкур қарор билан тасдиқланган “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низомда сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори балнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилиши кўрсатилган.

- Жорий йилда абитуриентларга рўйхатдан ўтишда давлат грантини устуворлик сифатида белгилаш имконияти яратилди. Бу нима дегани?

- Ҳақиқатан ҳам, жорий йилдан бошлаб, тўлов шартнома асосида ўқишга имконияти етмайдиган, фақат грант асосида ўқишни истовчи абитуриентларнинг фикрлари эътиборга олиниб, рўйхатдан ўтишда давлат грантига устуворликни танлаш имконияти яратилди. Яъни, дастурда “Давлат гранти” ҳамда “Давлат гранти ва тўлов-контракт”ни танлаш бандлари киритилган. Абитуриент  борди-ю “давлат гранти”ни танласа, аввало, тўплаган балл танлаган йўналишларининг устуворлигига қараб, қайси бирига “грант”га тўғри келса, ўша йўналишга ўқишга тавсия қилинади. Танланган йўналишларнинг бирортасига ҳам “грант”га бали етмаса, кейинги қадамда контракт ўринларида текширилади ва натижа эълон қилинади. “Давлат гранти ва контракт” банди аввалги йиллардаги каби танланган йўналишларнинг кетма-кетлигида қайси бирида грант ёки контрактга тўғри келса ўша йўналишда эълон қилинади.

- Хотин-қизлар учун қўшимча давлат гранти асосидаги 4 фоизлик тавсиянома кимларга берилади? Тавсиянома олганларнинг барчасига имтиёз бериладими?

- Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган иқтидорли хотин-қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсияномалар қуйидаги мезонлар асосида берилади:

- кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва тўлов контрактини тўлашга лаёқатсиз бўлган оилаларга;

- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизларга;

- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган бева аёлларнинг (эр) қизларига;

- отаси ёки онаси ногирон бўлган ва кам таъминланган оилаларга;

- оғир уй-жой шароитларида яшаётган ва доимий уй-жойига эга бўлмаган оилаларга;

- ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган кам таъминланган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганларга;

- ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилаларга;

- олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан бир неча баравар паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин ҳудудларда яшовчи оилалар фарзандлари учун улар ўз ҳудудида муайян муддат ишлаш шарти билан.

Тавсияномага эга хотин-қизлар алоҳида ажратилган 4 фоизлик квота доирасида тўплаган баллари бўйича танловда иштирок этади. Бундан ташқари, тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Саволларга ДТМ Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев жавоб берди.