Адабиётнинг кечагиси, бугунгиси бўлмайди
У ҳамма вақт ҳам одамларга тириклик мағзини тоттирувчи, кўрсатувчи, ўргатувчи бўлиб хизмат қилиши лозим.
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида кутубхонада бўлган адабий мулоқотда ана шу ақидалар моҳияти хусусида гап кетди. Аниқроғи, бу ерга ташриф буюрган адабиёт ихлосмандлари, ҳаваскор ижодкорлар ва талабаларга чинакам маҳорат дарси ўтилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Шароф Рашидов номидаги СамДУ филология факультети уюштирган тадбир доирасида Самарқанд адабий муҳитида шаклланган олим ва ёзувчи Илҳом Ҳасан хотирасига бағишланган "Тун тонгга туташ" китоби тақдимоти, ёзувчи Баҳодир Қобул билан мулоқот ўтказилди.
- Илҳомнинг, Баҳодирнинг ютуғи шундаки, улар ижодни иқтидоргина эмас, ҳаёт эҳтиёжи сифатида қабул қилишди, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошев. - Улар ёзиш учун, энг аввало, адабиётимизни, хориж адабиётини ўқишди, устозлари олдига ўз қораламаларини тўғридан-тўғри тақдим этишдан тийилишди, бошқаларга, дўстларига кўрсатиб олишди. Устозлари кўрсатмаларига, маслаҳатларига қулоқ солишди, уларнинг юриш-туришидан ибрат олишди. Ваҳоланки, бугун ёшларимизга айнан ана шу одат етишмаяпти. Шу сабабли ҳам Илҳом Ҳасан ва Баҳодир Қобул фаолияти, уларнинг асарлари ҳозирги авлод учун сабоқ бўлмоғи лозим.
Сўзга чиққан олим ва ижодкорлар бу ҳаёт ҳақиқатини аниқ мисоллар орқали исботлаб беришди. Хусусан, Илҳом Ҳасан адабий қаҳрамонлари ўз даври воқелиги, атрофдаги ўзгаришлар ҳақида жиддий мулоҳаза юритиши, муаллиф ўзи яратган образлар орқали жамиятга салмоқли мулоҳазалар ташлагани айтиб ўтилди.
Профессорлар Жўлибой Элтазаров, Азмиддин Носиров, Усмон Қобилов, Шавкат Ҳасанов, доцент Мардон Болтаев, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Акрам Тошпўлатов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугал, шоира Раъно Одилова Илҳом Ҳасан ва Баҳодир Қобул асарларидаги миллийлик, воқеаларга теран муносабат, бадиий тил воситаларидан фойдаланиш маҳорати ҳақида сўз юритдилар.
Талабалар Илҳом Ҳасаннинг "Бири кам дунё" драмасидан парча ижро этишди, шунингдек қизғин мушоира бўлди. Савол-жавоблар жараёнида эса адабиёт, адиб масъулияти, китобхонлик иштиёқи хусусида мулоҳазалар билдирилди. Фаол ёшларга бадиий асарлар туҳфа этилди.