Адолатли келажакни танлаймиз!
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод – Робахон Маҳмудованинг вилоятдаги ишончли вакили Музаффара Абдиеванинг сайловчилар билан учрашуви Самарқанд шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, партия фаоллари, депутатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган мулоқот аввалида ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли билан иштирокчиларни таништирди. Сўнгра Сайловолди дастуридан жой олган халқчил ва устувор ғояларнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берди.
Ишончли вакил қайд этганидек, қонун асосида яшаш ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланиши шарт. Конституцион билимларимиз мустаҳкам бўлса, жамиятда содир бўладиган кўпгина муаммоларнинг олди олинади.
Қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган номзоднинг мақсадлари учрашув иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
- Номзоднинг Сайловолди дастурида Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш асосий мақсад қилиб белгиланган, - дейди учрашувни олиб борган партия вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова. – Шунингдек, ёшларни юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишнинг қонуний асосларини яратиш кўзда тутилмоқда.
Шу боис, партиямиздан кўрсатилган номзодни қўллаб овоз беришларингизни сўраймиз.
Фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган учрашув сўнгида сайловчилар саволларига ишончли вакил томонидан батафсил жавоблар берилди.