Афғонистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Толибонни Покистон қўллаб-қувватлаб келганини билдирди
Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб Толибоннинг 2021 йил августида мамлакатда ҳукуматни қўлга киритишдаги муваффақияти сабабларини ошкор қилди. У Foreign Policy нашрига берган интервьюсида Покистон Толибонни сезиларли даражада қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.
"Агар Покистоннинг ғамхўрларча ёрдами бўлмаганида, Толибон ҳатто мавжуд бўлмас эди", деди Моҳиб. Бу давлат улар учун мезбондек бўлиб, очиқ фаолият юритиш, тарафдорлар ёллаш, маблағ, қуролларни қўлга киритиш, оилаларга паноҳ бериш ва ҳатто расмий ҳужжат ва яшаш рухсатномаларини олишга ёрдам берган, қўшимча қилди у.
Собиқ маслаҳатчининг сўзларига кўра, Ғани маъмурияти бир неча бор “Покистон муаммоси”ни кўтарган, бироқ хорижий давлатлар бу мавзуни ва Афғонистон ҳукуматининг қулашида Покистон ролини эътиборсиз қолдиришни афзал кўрган.
Аввалроқ Халқаро инқироз гуруҳининг Осиё дастури директори Лорел Миллер АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик миссиясини баҳолар экан, Қўшма Штатлар Афғонистондаги кампаниядан "бешта асосий сабоқ" олиши кераклигини айтди. Шунингдек, АҚШнинг республикадаги муваффақиятсизлигини ўрганишни эътибордан четда қолдирмасликка чақирди.