Агар ядро уруши бошланса, нима бўлади?
Time журнали ушбу ядро урушини моделлаштирди
Можаронинг бир томони ядровий ракеталарни учирса, бошқа томон ҳам уларга жавоб қайтаради.
Мисол учун, Америка сув ости кемаси ғарбий Норвегиядан баллистик ракеталарни учиради. Улар Россияга тахминан 10 дақиқада етиб боради. Россия ракеталари эса Канада шимолидан бир неча дақиқада АҚШга зарба беради.
Биринчи зарбалар - юқори частотали электромагнит импульслар - электроника ва қувват тизимларини "қовуради", импульс катталиги ҳар бир метрга ўн минглаб вольтни ташкил қилади. Кейинги зарбалар қўмондонлик-назорат пунктлари ва ер ости ракета шахталарига тушади.
Ерда жойлашган қитъалараро баллистик ракеталар ярим соатда етиб келади. Нишон мегаполислар бўлади. Ҳар бир зарба оловли – қуёш қобиғи каби иссиқ шар ҳосил қилади. Унинг орқасидан қўзиқорин шаклидаги радиоактив булут пайдо бўлади. Кучли портлаш ва ҳамма жойни қамраб олган аланга одамларни кул қилади. Кенгаяётган оловли шар тўлқини атрофдаги бор биноларни вайрон қилади.
Буюк Британия ва Франция ядро қуролига эга. НАТО низомининг 5-моддасига кўра, улар Қўшма Штатларни ҳимоя қилишга мажбур. Шунинг учун Россия уларга ҳам зарба беради.
Ёнғинлар бўрони кўплаб шаҳарларни ютади. Ядро ёнғинлари натижасида қора углерод чиқиндилари ядровий қишга олиб келади. Аҳолиси Хиросимадан 50 баравар кўп бўлган Москва каби мегаполис жуда кўп тутун чиқариши табиий. Демак, ёнғин бўрони атмосферага қора тутун кўтаради. Уни ювиш мумкин бўлган ҳар қандай булутлардан анча баланд бўлади. Кўп ўтмай Ерни музли совуқ (ҳатто ёзда ҳам) қоплайди.
Яқинда ўтказилган илмий тадқиқотга кўра, 5 миллиарддан ортиқ одам очликдан ўлиши мумкин. Жумладан, АҚШ, Европа, Россия ва Хитой аҳолисининг тахминан 99 фоизи шу кўйга тушиш эҳтимоли бор.
Шубҳасиз, биз ядро урушидан қанча одам омон қолишини билмаймиз. Агар бу олимлар тасвирлагандек даҳшатли бўлса, унда ғолиб йўқ, фақат мағлублар бўлади.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.