Аҳоли даромадлари қаерда қанчага ўсган? Маълумотлар эълон қилинди
Статистика агентлигининг тўққиз ойлик якуни бўйича ҳисоботига кўра, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 15,5 фоизга (инфляцияни ҳисобга олган ҳолда — 5,5 фоизга) ўсиб, 17,4 млн. сўмни ташкил этган.
Таъкидланишича, аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (+10,5 фоиз), Андижон (7,6 фоиз), Самарқанд (6,5 фоиз) ва Навоий (6,4 фоиз) вилоятларида кузатилган. Фарғона вилояти ва Сурхондарёда эса ўсиш атиги 1,3 фоиз ва 1,5 фоизни ташкил этган.
“Ҳудудлар ўртасидаги табақаланиш кучайди. Йил давомида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлардаги фарқ энг бой ва энг камбағал уч минтақа ўртасида 2,2 баробардан 2,3 баробаргача ошди. Таққослаш учун: 2020 йилда бу фарқ 2,15 баробарни ташкил этган эди. Тошкент ва Қорақалпоғистон ўртасидаги даромадлар фарқи 3,13 баробардан 3,32 баробаргача кўтарилди”, дейилади агентлик маълумотида.
Даромадлар таркибида меҳнат фаолиятининг улуши (ёлланма ишчилар ва ўзини ўзи банд қилганлар) 63,8% дан 62,8 фоизгача пасайган. Ёлланма ишчиларнинг даромади ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойидаги 20,1 фоизга нисбатан 17,4 фоизга, ўзини ўзи банд қилганларники эса 16 фоизга нисбатан 15,3 фоизга ўсган.