Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони асосида аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчи, тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади. Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Иккинчи, асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади. Яъни, аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.

Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Қарийб уч йил чўзиладиган сўнгги учинчи босқичда олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимга киритилади.

Д.КАРАЧАЕВ,

М.МЎМИНОВ,

Самарқанд шаҳар статистика бўлими етакчи мутахассислари.