“Air Samarkand” 2023 йил охирига қадар 5 тагача самолёт олиб келишни режалаштирмоқда

Кеча, 2 ноябрь куни “Air Samarkand” авиакомпаниясининг биринчи “Airbus A330-300” русумли самолёти Самарқанд халқаро аэропортига қўнгани хабар қилинганди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда компаниянинг яқин келажакда яна бир қатор самолётлар олиб келиши маълум қилинди.

– “Airbus A330-300” – бу дунёнинг етакчи авиакомпаниялари тақдим этадиган замонавий ва хавфсиз самолётдир, – деди “Air Samarkand” авиакомпанияси бош директори Антон Ходжаян . – Унда ҳатто энг узоқ йўналишларда ҳам йўловчилар учун юқори қулайлик таъминланади. Ҳаво кемаси туристик-классда 277 та йўловчини ва бизнес-классда 36 та йўловчини ташиш имконига эга. Самолёт 11 минг 500 км дан ортиқ масофага тўхтовсиз парвозларни амалга оширади. Айни пайтда дунёда 1600 га яқин бундай самолётлар муваффақиятли парвоз қилмоқда.
Тез орада “Air Samarkand” авиакомпаниясининг ўрта масофали йўналишлар учун мўлжалланган “Airbus А321” самолёти ҳам келтирилиши кутилмоқда. Умуман, 2023 йил охирига қадар компания 5 тагача самолётни қабул қилиб, ишга туширишни режалаштирмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Б.МУСТАНОВ.