Аждодларимиз жасорати ва матонати рамзи

Дунёдаги бошқа тинчликсевар эллар қатори матонатли халқимиз бошига тушган оғир синовлардан бири – Иккинчи жаҳон уруши эди. Ўша даврда Ўзбекистон аҳолиси тахминан 6,5 миллион кишини ташкил қилиб, улардан 1 433 230 нафари урушга сафарбар этилган. 1941 йил 26 июндан бошлаб мамлакатда ишчи ва хизматчилар учун ишдан ташқари вақтда мажбурий ишлаб бериш жорий этилди. Катта ёшдагилар учун иш вақти олти кунлик иш ҳафтасида 11 соатгача узайтирилди. Аслида иш вақти 12-14 соатга чўзилган, таътилга чиқиш бекор қилинган.

Бу маълумотлар ботир жангчиларимиз, сабрли халқимиз Иккинчи жаҳон урушида юксак жасорат кўрсатганлигидан далолат беради.

Ўша йиллари уруш кечаётган ҳудудлардан мамлакатимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келинди ва уларнинг ҳаммасига бағрикенг юртдошларимиз бошпана берди. Меҳр-мурувват кўрсатди, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.

Қишлоғимизда уруш қурбонлари шарафига ўрнатилган ҳайбатли ҳайкал бор. Уни тиклаш жараёнларини бола нигоҳи билан кузатганман. Қишлоқни иккига бўлиб оқиб ўтаётган Янгиариқ канали ёқасидаги қадимий тепалик устида тикланган бу мажмуа хўжалик меҳнаткашлари маблағига лойиҳалаштирилган ва бунёд этилган. Душманга қарши ҳужумга отланаётган аскарлар акс этган ҳайкаллар тайёр бўлгач, туман раҳбарлари уни марказга ўрнатиш истагини билдиради. Буни билиб қолган ҳамқишлоқлар ҳайкални катта юк машиналарига ортиб, қишлоққа олиб келган эди.

“Нега бундай қилдингиз?” деган саволга улар: “Булар тош бўлса-да, урушда, жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган, узоқ ўлкаларда қолиб кетган ҳамқишлоқларимиз, меҳрибон акаларимиз, ота-боболаримиз тимсоли, бу ерда уларнинг исм-шарифи ёзилган. Бу ҳайкал болаларимизга ҳам уларнинг жасоратини абадий эслатиб туриши керак,” деб жавоб беришган.

Ушбу мажмуа бугун ҳам тепаликда қад ростлаб турибди. Халқимиз бошига тушган мудҳиш уруш даҳшатлари ҳақида унсиз ҳикоя қиляпти. Хотира ва қадрлаш куни олдидан ушбу мажмуа атрофини янада обод этиш чоралари кўриляпти.

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронтида иштирок этган фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларнинг жасорати, ибратли сўзлари, панд-насиҳатлари ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиляпти.

Фашизмга қарши мардона курашган жангчилар ва халқимиз жасорати ҳақида минглаб ҳужжатли ва бадиий фильмлар олинаётгани ҳам тарбиянинг муҳим воситаларидан биридир. Урушнинг бор даҳшатлари ва жасур қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар, рисола ва илмий-тарихий китоблар, бадиий асарлар ҳам битилаяпти.

Халқ жасоратини ҳар томонлама ифода этиш айни кунларда юқорида таъкидланган қарор орқали янада эътиборга молик бўлиб турибди.

Шунингдек, қарорда фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳам хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Аждодларимиз жасорати ва матонати – фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир” шиори остида асосий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. 

Унга кўра, вилоят марказларида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид тарихий экспонатларни ўз ичига олган замонавий “Ватанпарварлар” боғлари барпо этилмоқда.

Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган "Ғалаба боғи"нинг марказига “Матонат мадҳияси” деб ном олган, яқинда “Ўзбеккино” ижодкорлари томонидан суратга олинган “Илҳақ” бадиий фильми қаҳрамони Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб ёдгорлик мажмуаси ўрнатилади. Ўзбекистон халқининг буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини акс эттирувчи “Шон-шараф” музейи бунёд этилмоқда. "Ғалаба боғи" халқимизнинг бирдамлиги ва матонати, саховатпешалиги ва жасоратига катта ҳурмат ва эътибор рамзидир. Бу иншоот ўзбек халқининг урушда кўрсатган жасорати, фидойилиги ҳақидаги обида-мажмуа бўлиб қолади.

Инсоният бошига тушган бундай оғир синовлар халқ иродасини тоблаб, бирлаштирган, элни жасорат ва ҳимматга ундаган. Аждодлар олдидаги фарзандлик бурчимиз – халқимиз жасоратини унутмаслик, хотирасини абадий ёдда сақлаш, тарихдан керакли хулосалар чиқариш, ёшларимизни шундай заминда яшашдан фахр-ифтихор туйиш руҳида тарбиялашдир.

Тошпўлат ТУГАЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.