Ака шундай: Яхшисини илинади, оғирликни ўзига олади
"Армон
Акам билан орамизда икки ёш фарқ бор эди. Бугун акамдан етти ёш каттаман...
Мен ўқидим, акам ўқий олмади. Ҳар ҳафта қишлоққа келсам, оҳорли бўлган қандай кийими бўлса, менга берарди. "Сен ўқияпсан, яхшироқ кийин. Менга бўлаверади" дерди. Ва яна униққан кийимда қолаверарди...
Талабалик давримда кўпинча дафтар-китобларим орасидан қоғозча чиқарди. Акамнинг хати: "Сенга ҳавас қиламан. Омадингни берсин, яхши ўқи".
Қачондир акам ҳам ўқийди дердим. Албатта ўқитишимга ишонардим. Фақат озгина ўзимни тутиб олай, дердим.
Ўзимни тутиб олгунимча, акамни Аллоҳ олиб кетди. Ўттиз ёшда эдилар. Шу сабаб ўттиз ёшдан узоқлаб бораётганим доим оғриқ беради. Акамдан етти ёш каттаман бугун.
Икки ўғил, бир қизлари қолган. Бироз олдин қишлоқдан чиқдим. Маъракага боряпман. Пойабзалимни олмаган эканман. Жиянларимнинг иккови ҳам янги оёқ кийимини олиб чиқди. Юқори синфга ўтишган. Кийиб кўринг дейишди, менга лойиқ келди. Улар катта бўлиб қолишганидан кулишарди, мен акамни эслаб йиғладим. Ичимда. Айтмадим, билдирмадим. Ҳозирам кўзимда ёш...
Жиянларим - уларда акам яшаяпти! Аллоҳ сизларни асрасин.
Ака шундай. Яхшисини илинади, оғирликни ўзига олади. Жигарларингиз қадрига етинг...
Исомиддин Пўлатов.