Акасини ҳимоя қилиб, бошқага тан жароҳати етказгани учун қамалди

Жорий йилнинг февраль ойида ургутлик Б.Камолиддинов ҳамқишлоғи Н.Назар акасини уриб тан жароҳати етказаётганини кўриб қараб турмади. У акасини ажратиб олиш мақсадида ўтмас қаттиқ жисм билан Н.Назарни бир неча маротаба уриб, унга қасддан шикаст етказган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди аппеляция инстанциясида мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатларни ўрганиб, тегишли шахсларнинг фикрларини тинглади.

Унга кўра, биринчи босқич суди Б.Камолиддиновга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, айбига иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, уни хулқини жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмаслигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, қонун санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини энг камидан ҳам камроғини тайинлаб қонуний, асосли ва адолатли тўхтамга келган.

Б.Камолиддинов айни кучга тўлган – 19 ёшида кейинги икки йилини манзил колонияда ўтказиши керак.

И.ҲАМИДОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судьяси.