Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган шахсга 1 ойлик маъмурий қамоқ жазосини қўллаш таклиф этилди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг 2022 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан ҳисобот берган бошқарма бошлиғи М.Насруллаев шундай таклиф билдирди.

– Жорий йилнинг 1 июль ҳолатида алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 34508 тани, яъни бошқарма иш юритувидаги ижро ишларининг 28,3 фоизини ташкил қилади, – деди М.Насруллаев. – Ушбу даврда амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 59,5 млрд. сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди.

Бу тоифадаги ижро ишлари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар маслаҳатчилари ҳамда масжидлар имом-хатиблари билан ҳамкорликда қарздор ва ундирувчилар ўртасида профилактик суҳбатлар олиб бориш орқали ёш оилаларни яраштириш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда алимент тўловчи қарздор оталар ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлигини таъминлаб, алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларига қаратиб келинмоқда.

Шу билан бирга, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 521 нафар  қарздор маъмурий жавобгарликка ва 77 нафари жиноий жавобгарликка тортилди.

Бугунги кунда вилоят бўйича алимент олувчилар номига шахсий банк пластик карталари очилиб, 6 ой давомида 45,4 миллиард сўмдан ортиқ  алимент пуллари ўтказиб берилган.

– Алимент ундируви билан боғлиқ энг катта муаммо – алимент тўловчининг доимий даромад манбаига эга эмаслиги, ишсизлиги бўлмоқда, – деди М.Насруллаев. - Ишсиз алимент тўловчи шахслар бандлигини таъминлаш бўйича иш таклиф қилинганида, уларнинг аксарияти буни рад этмоқда. Лекин якка тартибдаги меҳнат фаолияти (мардикорлик) ёки бошқа даромад келтирувчи норасмий фаолият билан шуғулланиб юрса-да алимент қарзларини тўлашдан қасддан бўйин товлайди. Бундай ҳолларда қарздорга нисбатан дастлаб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади. Маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққандан сўнг ҳам икки ой давомида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган қарздорлар Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади. Афсуски, бундан ҳам хулоса қилмайдиганлар учрайди. Шунинг учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ўзгартириш киритилиб, ишсиз алимент тўловчи шахс томонидан алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги ҳолати бўйича унга нисбатан маъмурий жазо тариқасида қўлланиладиган 15 суткалик маъмурий қамоқ муддатини 1 ойга ўзгартириб, ҳуқуқбузарни ҳақ тўланадиган мажбурий меҳнатга жалб қилиб, унга тўланган иш ҳақини алимент қарздорлигини қоплаш учун йўналтиришни таклиф қиламиз. Шунингдек, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан алимент бўйича мажбуриятни бажаришдан бўйин товлаган қарздорларга нисбатан ҳақ тўланадиган мажбурий меҳнатга жалб қилиш жазо чорасини жорий этиш керак, деб ҳисоблаймиз.