Алимент тўлашдан бўйин товлаган 36 киши жиноий жавобгарликка тортилган

Бу ҳақда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида жорий йилнинг беш ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Зокиров маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтган даврда МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий тармоқлари томонидан 2,5 триллион сўмлик 221 минг 120 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган.

Мулкий ундирувларга оид ижро ишлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида давлат фойдасига 272,5 миллиард сўм, банклар фойдасига 69,2 миллиард сўм, юридик ва жисмоний шахслар фойдасига 308,2 миллиард сўм пул маблағлари амалда ундирилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабидан келиб чиқиб, янги тизим асосида 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисмини “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича жамғармаларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу тартиб асосида жорий йилнинг 5 ойи давомида 16,1 миллиард сўм пул маблағлари ушбу "дафтар"ларга ундирилиши таъминланди.

– Алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро тадбирларининг самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди А.Зокиров. – Чунки жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 32 162 тани, яъни иш юритувимиздаги жами ижро ишларининг 28,3 фоизини ташкил қилади. Амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 20,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди. Бу тоифадаги ижро ишлари бўйича қарздор ва ундирувчилар билан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида 452 та ёш оила яраштирилди. Ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, ушбу тоифага кирувчи 425 нафар алимент тўловчи оталар ишга жойлаштирилди ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақига қаратилди.

Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойилларига таянган ҳолда, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам бўйин товлаб келган 385 нафар қарздорлар маъмурий, 36 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилди.

Бу соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилди. Бу орқали алиментларни етказишдаги почта харажатлари тежалмоқда, яъни ундирувчи алимент пулини ҳеч қандай ушланмаларсиз тўлиқ олиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, алиментларни ойма-ой, сўзсиз тўлаб борилишини онлайн назорат қилиш имкони яратилди.

Жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятда ноқонуний эгаллаб олинган 890,9 гектар ер майдонларини қайтаришга доир 545 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган бўлиб, кўрсатилган даврда 418 та ижро ҳужжатларининг амалда ижро қилиниши таъминланиб, 775,04 гектар ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонларининг тегишли хокимият захирасига, фермер хўжаликларига ва кластерларга қайтарилиши таъминланди.