Алишер Навоий онаси тўғрисида кам ёзган, аммо Суйима Ғаниева бу муҳтарама зот ҳақида китоб яратган

Самарқанд давлат университетида 3 февраль куни буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Суйима Ғаниева хотирасига бағишланган “Навоийшунос олима сиймоси” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

Ушбу мақолада ана шу атоқли навоийшунос ҳаёти ва фаолияти таҳлил этилган.

Бугунги кунда Алишер Навоий шахсияти ва ижодига бўлган муносабат ҳар доимгидан-да долзарблик касб этмоқда. Баркамолликка бурканган улуғ инсонлар нафақат замондошлар эътирофига сазовор бўлган, балки барча замонларда маънавият ва маърифатнинг тараққиёт негизи бўлиб хизмат қилган. Алишер Навоий ижодини бутун дунёда моҳияти ва аҳамиятини тадбиғи ва тадқиқи билан шуғулланиш яқин кунларда «Навоийшунослик» соҳасига тамал тошини қўйиш бу соҳа ташаккулининг олтин варақларига айланди. Қувонарлиси, буюк шоир сиймосига юксак эҳтиромларини барча тадқиқотларида турли муносабатлар билан ифода этиб келиш билан бир қаторда, навоийшунослик соҳасида заҳмат чекаётган олиму шоирлар, санъаткорлар ҳамда маданиятнинг бошқа соҳалари вакиллари шоир маърифат нуридан инган зиё каби қадр-қиммат топиб келмоқдалар. Навоий оламига назар солиб унинг қанчалик улуғлигига амин бўлмайлик, уни тадқиқ этиш, англаш ва англатиш илми ҳам шунчалик буюкдир. Мана шундай машаққатли йўлда ўзини нисор қилган қалб кўзи Навоийнигина кўра оладиган, амали навоийшунослик ва унинг миллий адабиётимиздаги аҳамиятигагина бағишланган олима - Суйима Ғаниевадир.

Суйима Ғаниева 1932 йили Алишер Навоий таваллуд топган ойда, яъни 20 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 23 ёшида Ленинград давлат университетида профессор Николай Болдирев раҳбарлигида Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Мингдан ортиқ илмий мақола, ўнлаб монография, дарслик, ўқув қўлланма ва рисолалар муаллифи бўлган Суйима опанинг илмий хулосалари ва кузатувлари нафақат республикамизда, балки жаҳон олимлари томонидан эътироф этиб келинмоқда. Суйима опанинг хизматлари муносиб қадрланди. Олима Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Буюк хизматлари учун” ҳамда “Фидокорона меҳнатлари учун” орденлари соҳибаси. 2015 йилда мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами муносабати билан Суйима Ғаниева давлатимизнинг энг олий унвони – “Ўзбекистон Қаҳрамони” ва “Олтин Юлдуз” нишони билан тақдирландилар.

Олима Алишер Навоий ижодини тадқиқи йўлида кўпгина ишларни жаҳон миқёсида амалга оширди. Биз, олима тадқиқотларида гўё навоийхонлик алифбосини яратди. Ушбу тадқиқотлар орқали Низомиддин Мир Алишер Навоий асарлари тавсифи, таърифи, таркиби ва моҳияти билан танишдик. «Навоийнинг дастхати» орқали шоиримиз шахсияти билан рўбарў бўлдик. 1991 йилда олима бу топилма ҳақида ўртоқлашиб, шундай масъулият юклайди: «Жорий йилнинг 7 июнь куни Навоий дастхатининг микрофильми Тошкентга олиб келинди. Навоий микрофильмидан шоир муҳрининг катталаштирилган расми олингач, ундаги сўзларни аниқлаш имкони яратилди ва қуйидагича ўқилди: “Кун фи-д-дунё каанака ғарибун ав обиру сабилин ал-фақир Алишер” (яъни, Сен дунёда ғарибдек ёки мусофирдек яшагил, фақир Алишер). Алишер Навоий дастхатининг топилиши, шахсий муҳрининг аниқланиши, ўзбек маданияти тарихида, хусусан, навоийшуносликда катта воқеадир. Бу топилма шуни кўрсатадики, Навоий ҳаёти ва ижодиёти билан боғлиқ изланишларни янада фаол тарзда давом эттиришимиз керак». Улуғ Навоийнинг туғилганидан бошлаб то вафотига қадар бўлган тафсилотлар олима изланишлари, суҳбатлари ва хулосаларида мана шундай залворли акс этди.

Адабиётшунос олим, академик Азиз Қаюмов ҳам Навоийни тадқиқ этиш жараёнида жуда кўп бора Суйима Ғаниева суҳбатларига таянадилар. Бир хотираларини шундай ёдга оладилар: «2008 йил 25 март куни мен Тошкентда қадрли дўстим ва ҳамкасабам, Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича кўп самарали илмий тадқиқотлар яратган машҳур олима, профессор Суйимахон Ғаниева билан суҳбатда Навоийнинг онаси тўғрисида фикр алмашдим. Суйимахон Навоий ўз асарларида онаси тўғрисида кам маълумот берганини қайд этдилар. Лекин бу аёлнинг Абу Саид Чангийнинг қизи эканини айтдилар. Бу киши Кобул шаҳрида амирлардан бўлган. У адабиёт ва санъатни, унинг аҳлини жуда севар, ўзи ҳам мусиқий илмидан яхши маҳорат касб этган экан».

Навоийнинг падари бузруквори Ғиёсиддин билан боғлиқ бир воқеа тасвири эса Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китобида келтирилган. Шоирнинг отаси ҳам раҳмдил, муҳтожларга ёрдам бермоққа тайёр бир киши бўлган. Демак, Алишер сиймосидаги инсонларга меҳру муҳаббат томирлари шу асосда ҳам юзага келганига шубҳа бўлмаса керак.

Алишерни тўрт ёшида ўқишга берганлар. У олти ёшда Қуръонни ўрганган, болалик йиллариёқ машҳур “Қушлар мантиқи” номли достонни ёдлаб олганини ўзи ёзган. Шунга диққат қилмоқ керакки, Қуръон араб тилида, “Қушлар мантиқи” достони форс тилида ёзилган. Алишернинг она тили эса туркий (эски ўзбек тилини у вақтларда шундай деб атаганлар) эди. Демак, Алишер жуда ёшлик вақтларидаёқ она тилидан ташқари араб ва форс тилларини чуқур ўргана бошлади ва бу соҳада маълум натижаларга эришди.

Ғиёсиддин Баҳодирнинг уйида шоирлар, санъат арбоблари тез-тез йиғилиб турар, бу ерда адабий суҳбатлар ўтар, санъат усталари ўз маҳоратларини намойиш этар эдилар. Алишер болалик чоғларидан шу муҳитда ўсган. Анчагина шеърларни ёдга олган эди. Шу йўсинда шоир, давлат арбоби, комил фазилатли мутафаккир шоир шаклланган.

Президентимиз миллатимиз келажаги бўлган ёшлар тарбиясида бобокалонимиз Алишер Навоийнинг аҳамиятини давлат мақомида эътироф этиб қуйидагича мурожаат этдилар: «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим».

Дарҳақиқат, бу зотлар бизнинг бой тарихимиз, ўзлигимиз, илдизимиз. Бугунги кунда ёшларимиз, айниқса, келажак бешигини тебратувчи қизларимиз таълим-тарбиясига Суйима Ғаниева ибратини, илми, маданиятини мисол қиладиган бўлсак, албатта Навоийни англаган, ўқиган, Навоий кўзи билан дунёга нигоҳ ташлаган келажак авлод албатта ўзбек халқимизни дунёга Навоий сиймоси билан гавдалантиради.

Шарофат Тўхлиева,

СамДУ ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, доцент.

Бадиа Муҳиддинова,

СамДУ доценти.