Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар махсус мактаб-интернатларига қабул қилинмоқда

Самарқандда имконияти чекланган болалар учун 1 та мактаб ва 7 та махсус мактаб-интернати фаолият юритмоқда.

Айни пайтда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни 2023-2024 ўқув йили учун мазкур таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнлари давом этмоқда.

Болаларни махсус муассасаларга жойлаштириш жорий йилнинг 5 июлидан бошланган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида олиб борилмоқда.

- Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни қабул қилиш учун вилоят мактабгача ва мактаб таълими ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассисларидан иборат доимий ҳаракатдаги вилоят тиббий-педагогик комиссияси ташкил этилган, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассиси Эркин Бекбўтаев. – Ушбу комиссияда эшитиш ва кўришида нуқсони бор, мураккаб нуқсони бўлган болалар тиббий текширувдан ўтказилиб, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилади ва махсус муассасаларга қабул қилинади. Шунингдек, болаларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, тиббий ижтимоий хизматлар агентлиги тасарруфидаги тарбия муассасаларига йўлланма асосида жўнатилади.

Доимий ҳаракатдаги вилоят психологик-тиббий-педагогик комиссиясининг иш ҳажми июль-октябрь ойларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни, 1-12 августда душанбадан жума кунигача ҳамда ноябрь-май ойларида бир ойда бир марта, ҳар ойнинг биринчи ҳафтасининг чоршанба кунида соат 9:00 дан 13:00 га қадар ўтказилади.