Америка қуроллари ортилган учинчи самолёт Киевга қўнди

Киевга АҚШ қуролларининг янги партиялари етиб келяпти - бу кейинги кунларда учинчи самолёт бўлади. Шунингдек, Украина Буюк Британия ва Болтиқбўйи давлатларидан ҳам ҳарбий юклар олмоқда.

НАТО давлатлари Украина атрофида вазиятнинг кескинлашуви фонида Шарқий Европага қўшимча ҳарбий кучлар юборилишини эълон қилди. Дания, Испания ҳарбий кемалар жўнатган ва Литва ҳамда Болгарияга қирувчи самолётлар юборишни режалаштирмоқда. Нидерландия апрель ойида Болгарияга иккита "F-35" қирувчи самолётини юборишга қарор қилган, Франция Руминияга қўшин юборишга тайёр.

Америка оммавий ахборот воситалари Қўшма Штатлар Болтиқбўйи мамлакатлари ва Шарқий Европада бир неча минг америкалик аскар, шунингдек, кема ва самолётларни жойлаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Пентагон президент Жозеф Байденга вазият ёмонлашган тақдирда гуруҳ сонини ўн баробарга ошириш имконияти билан бир мингдан беш минггача қўшин жўнатиш бўйича бир нечта вариантни таклиф қилмоқда.

Европа эса Россияни деэскалацияга чақиришда давом этмоқда. Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Франция президенти Эммануел Макрон жума куни шахсан Владимир Путин билан вазиятни муҳокама қилишга тайёр.

"Паралель равишда биз тажовуз содир бўлган тақдирда умумий жавоб тайёрлаяпмиз. Лекин тажовуз содир бўлган тақдирда жавоб чоралари натижаси жуда қимматга тушиши мумкин", дейди Эммануел Макрон.

Берлин нафақат ўзи Киевга қурол етказиб бермагани, балки Эстонияга Германияда ишлаб чиқарилган қуролларни у ерга юборишни тақиқлагани учун Европа қўшнилари томонидан танқид қилинмоқда.

Олаф Шольц, Германия канцлери:
"Ўтган йиллар давомида федерал ҳукумат бир неча бор ҳалокатли қуролларни етказиб беришдан бош тортди. Бу - сўнгги йиллар ва ўн йилликлар воқеалари билан изоҳланади. Шунга қарамай, сўнгги йилларда биз Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва демократия ривожи бўйича молиявий имконият, халқаро мажбуриятларимиз доирасида кўп ишларни амалга оширдик.

Кремль давом этаётган ахборот кампаниясига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва хавфсизлик бўйича таклифларига АҚШдан ёзма жавоб кутаётганини такрорламоқда.

Дмитрий Песков, Россия президентининг матбуот котиби:
"Кейинги босқичдаги музокаралар якунланди. Америкаликлар Россиянинг «Хавфсизлик кафолатлари» бўйича таклифларига ҳозирча жавоб бермади. Москва эса шу ҳафта АҚШдан ҳужжат олиш умидида. Келажакда музокараларни қандай ва қачон давом эттиришимиз ҳақида тушунча пайдо бўлишидан олдин, биз ўша машҳур матнни олишимиз керак.

Бугун Парижда Норманд форматидаги Германия, Россия, Украина ва Франция давлатлари учрашуви бўлиб ўтади. Бу давлат раҳбарларининг сиёсий маслаҳатчилари даражасида бўлиб, уларнинг барчаси келишини тасдиқлашган.