Америкалик сенатор Лукашенкога нисбатан санкциялар жорий этилиши билан таҳдид қилди
АҚШ сенатининг хорижий масалалар қўмитаси катта демократи Роберт Менендес Беларусда қайта сайлов ўтказилиши ёки овозларни қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таклиф қилди.
“Трамп маъмурияти Беларусь ҳукумати томонидан якшанба кунги сайлов натижалари қайта ҳисоб-китоб қилинмагунча ёки халқаро демократик стандартларга жавоб берадиган сайловлар ўтказилмагунча АҚШ ва Беларусь ўртасида эришилган икки томонлама ютуқлар бесамар эканлигини аниқ эълон қилиши зарур”, - дейилган Менендеснинг ёзма мурожаатида.
“Агар демократияга нисбатан зўравонлик ва ҳужум давом этадиган бўлса, АҚШ ва Европа Лукашенкога нисбатан жорий этилган санкцияларни зудлик билан қайта тиклашига ишонаман”, - қўшимча қилган сенатор.
У Беларусда бўлиб ўтган сайловларни “сохталаштирилган ва фожиа”, деб атади.
Шу билан бирга АҚШ президентлигига номзод бўлган, демократчи Жо Байден ҳам сайлов натижалари шаффоф ҳисоб-китоб қилиниши зарур эканлигини таъкидлади.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Линас Линкявичус берган хабарга кўра, Беларусь президентлигига номзод бўлган Лукашенконинг асосий рақиби Светлана Тихановская мамлакат ҳудудини тарк этган ва Литвага келган.
“Светлана Тихановская хавфсиз жойда, у Литвада”, - деб ёзди Линкявичус ўзининг Твиттер саҳифасида.