Польша ва Беларусь чегараси девор билан тўсилади
Польша республикаси Сенати Беларусь билан чегарада камералар ва барча тўсиқ инфратузилмаси билан жиҳозланган, умумий узунлиги 418 километр бўлган панжара қуриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Унинг қиймати 414 миллион долларга баҳоланмоқда.
Польша муҳожирлар оқими туфайли ушбу чорани қўллашга мажбур бўлди.
Варшава Беларусь ҳукуматини чегарадаги вазиятни кескинлашувида айбламоқда. Польша томони фикрига кўра, айнан улар муҳожирларга олдин Беларус ҳудудига киришларига ёрдам беришади ва кейин уларни Польша, Литва ва Латвия билан чегарага йўллашади.
Беларусь-Польша чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Варшава айрим ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва у ерга ҳарбий хизматчиларни тортди.
Польша полицияси мигрантларни енгил ёки юк машиналарида олиб ўтишга уринишларни тўхтатиш мақсадида чегара текширувини кучайтирди.
Ўз навбатида, Польша билан қўшни Литва инқироз фонида аллақачон 400 километрлик девор қурилишини бошлади.
Хабар қилинишича, тўсиқнинг дастлабки 100 километри ноябрь-декабрь ойларида чегарага етказилади. Девор қурилишини 2022 йилнинг май ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
Европа Иттифоқи чегарасида миграция инқирози бир неча ой олдин кучайди. Минск мухолифатни таъқиб қилингани ва Ryanair самолёти билан боғлиқ ҳодиса учун санкциялар қўлланилишига шундай жавоб берган, дея ҳисоблашади Брюсселда.
Шу билан бирга, Александр Лукашенконинг таъкидлашича, Ғарб санкциялари туфайли чегарадаги одамлар оқимини тўхтатиш учун мамлакат "на пулга, на кучга" эга.