Амир Файзуллани билмаслигимни билдим

2020 йилнинг 13 апрел куни Тошкент давлат шарқшунослик институти таржимашунослик кафедраси ўқитувчиси Нилуфар Хўжаеванинг фейсбукдаги саҳифасидан ажойиб хушхабар эшитдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳиндшунос таржимон Амир Файзулла чет элда ҳиндий тилини ўқитиш, ташвиқот ва тарғибот этиш соҳасидаги муҳим фаолияти учун Ҳиндистон давлати ва Марказий ҳиндий тили институти томонидан доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот билан тақдирланибди.

Қидириб билсам, доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот 1989 йилда Марказий ҳиндий тили институти ташаббуси билан Ҳиндистон ҳукумати томонидан таъсис этилган экан. У кўплаб йиллар мобайнида тилларни, ҳиндий тили диалектлари ва адабиётини ўрганиш билан шуғулланган британиялик ҳиндшунос, 1851–1941 йилларда яшаб ўтган Жорж Абраҳам Грирсон шарафига номланган.

Ҳиндий тили ва адабиётини тарғиб қилган, ҳиндий тили ривожига ҳисса қўшган ҳиндшунослар, турли соҳада ишлаб келаётган 26 нафар шахс ҳар йили ушбу мукофот билан тақдирланиб келади. Шулардан икки нафари чет эл фуқароси бўлишади. Шу кунга қадар мукофотланганлар 399 нафарга етибди.

Жорий йилнинг 10 апрел куни 12 йўналишда фаолият олиб бораётган 26 нафар ҳиндшунос мутахассис номи Ҳиндистоннинг Марказий ҳиндий тили институти ректори Нанд Кишор Пандей томонидан эълон қилинди. Улар орасида ўзбекистонлик ҳиндшунос таржимон Амир Файзулла ҳам бор эди. Ҳа, бу инсон ҳиндий адабиёти ва маданиятини тарғиб қилишдаги ҳиссаси учун айни мукофотга чиндан лойиқ.

2014 йили Ҳиндистон Президенти Пранаб Мукержи Тошкент давлат шарқшунослик институти Жанубий Осиё тиллари кафедраси профессори Озод Шаматовни Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот билан тақдирлаган. Демак, Амир Файзулла ушбу мукофотга лойиқ кўрилган иккинчи ўзбек ҳиндшуноси. Агар дунёда бугунги тожвирус пандемияси бўлмаганда, балки Амир Файзулла ҳам Ҳиндистон Президентининг қўлидан ушбу мукофотни олган бўлармиди.

Амир Файзулла 1990 йили “Ҳинд халқ эртаклари”, “Тўтинома” ва “Айёр вазир” номли ҳинд эртакларини, 1960 йили Кришан Чандар, 1968 йили Яшпал, 1975 йили Премчанд, 1987 йили Бҳишам Саҳнийнинг ҳикояларини, 1973 йили “Оташ нафаслар”, 1989 йили “Индиранинг совғаси” ҳикоялар тўпламларини, 1976 йили Прем Чанднинг “Нажот”, 1983 йили “Жанг майдони”, 2003 йили “Фидойи”, 2007 йили “Севги инъоми”, 2016 йили “Нирмала”, 1980 йили Жагдиш Чандарнинг “Ўз уйида бегона”, 1997 йили Бҳишам Саҳнийнинг “Басантий”, 2011 йили Кришан Чандарнинг “Бир қизга минг ошиқ” каби романлари ҳамда 2000 йили Картар Сингх Дуггалнинг “Кузнинг тўлиной кечаси” қиссасини ҳиндий тилидан ўзбек тилига ўгирган. Маҳатма Гандининг 2009 йили ўзбек тилида китоб бўлиб чоп этилган “Менинг ҳаётим” асарини эса рус тилидан таржима қилган.

Бу асарларни ўгиришга кетган вақтни, умрни айтмайсизми? Рақамлардан англаётгандирсиз, узоқ йиллик ушбу машаққатга таржимоннинг қанча-қанча кўз нури кетганини. Булар орасида болалар адабиётидан то Нобель мукофотини қўлга киритган йирик асарларгача бор.

94 серияли “Маҳобҳорат”, 18 серияли “Мирзо Ғолиб”, 78 серияли “Рамаяна”, 26 серияли “Бобур” сериалларини, “Сангам”, “Хир ва Ранжха”, “Она”, “Чақириқ”, “Ўкинч”, “Ҳинд Тарзани”, “Моҳра (Пиёда)”, “Муқаддас қасам”, “Кўзбойлагич”, “Шоҳаншоҳ”, “Байжу Бавра”, “Хайр, ширин орзулар”, “Мискинлар ҳомийси”, “Гул ва олов”, “Зарба”, “Маккор” кинофильмларини кўпчилигимиз кўрганмиз. Шуларнинг ҳаммасини Амир Файзулла ўзбек тилига таржима қилган. Уни ҳиндча кинофильмларнинг илк таржимонларидан бири десам ҳеч ким мени айбламаса керак.

Амир Файзулла нафақат ҳиндий тилидан ўзбек тилига, балки ўзбек тилидан ҳиндий ва урду тилларига ўзбек адибларининг бир қанча асарини таржима қилган. Унинг урду тилида 1972 йили “Ўзбекистон шоирлари”, ҳиндий тилида эса 1995 йили “Мустақил Ўзбекистон шоирлари” ва 2014 йили “Ўзбек адабиёти намуналари ҳиндий тилида” тўпламларида таржималари чоп этилган.

Ўзбек классик адабиётидан ҳиндий тилига қилган таржималарини айтмайсизми? Увайсийнинг “Увайсийман”, “Забонингни”, “Дилрабо, юзин узра”, “Ошиқ бўлмишам”, “Айламиш”, “Яхши”, “Кўнгул доғ ўлди”, “Эшитгил арз аҳволимни”, “Кимдурур”, “Ўзни изҳор офтоб” ғазаллари ва “Анор” чистони, Нодира шеъриятидан “Фарҳод агар”, “Баҳор келди”, “Шитоб айлаб”, “Берай жон висол ичра”, “Соқий, менга қадаҳ тут”, “На гул сайр айла”, “Васл уйин обод қилдим”, Муаззамхондан “Кўнглума озор ҳар соат”, “Дилбаримни ёд қилсам”, “Бемадору, бемадору, бемадор” ва Маҳзуна муҳаммасларини ҳиндий тилига ўгирган. Булар 2014 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти таржимашунослик кафедраси гранти асосида тўплам бўлиб чоп этилган.

Бир сирни айтай. 2014-2016 йиллари “Жаҳон адабиёти” журналида Амир Файзулла билан бирга ишлаганман. Мен бундан бахтиёрман. Ҳаётимда ғоят меҳнаткаш, камсуқум, камтар инсонга дуч қилгани учун Аллоҳга шукур дейман. Жаҳон адабиётини ўзбек китобхонига танитишда қилган меҳнатининг қай бир қисмини билардим, аммо тан оламан, таржимон бошқа тиллардан ўзбек тилига бунчалик кўп асар ўгирганини, шунингдек, ўзбек адабиётини ҳиндий, урду тилларига таржима қилганини рости билмасдим. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида Нилуфар Хўжаевадан олинган маълумотлардан Амир Файзуллани билмаслигимни билдим. Қолаверса, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири ўринбосари Алимурод Тожиевнинг айтишича, Амир Файзулла 2019 йилнинг сентябрь ойидами, инсульт олибди. Шундан кейин ишгаям келмай қўйибди. Шулар ҳақида ҳам энди билиб ўтирибман, а! Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтишсалар керак-да.

Қаранг, у 2020 йилнинг 15 январь куни 75 ёшни қаршилабди. Катта таржимон экани ва бир жойда ишлаганимиз ҳаққи ҳурмати ақалли қўнғироқ қилиб: “Амир ака, туғилган кунингиз билан табриклайман!”, деб қўймабман. Қолаверса, у киши мени ҳам ниҳоятда ҳурмат қиларди-ку! Афсус! Шунчалик эътиборсизманми? Бундай инсонларнинг туғилган кунлари юбилей қилиб ўтказилиши керак аслида. Шунчалик эътиборсизмизми?

Амир Файзулланинг жуда кўплаб таржима асарини ҳаммамиз мутаржимини билиб-билмай ўқиганмиз, ўқияпмиз, ҳали неча асрлар давомида ўқиймиз. У Ҳиндистон адабиётидан ташқари бошқа халқларнинг бир қанча асарини ҳам ўзбек тилига ўгирди. Буниси энди алоҳида мақолага мавзу.

Бугун дунё адабиёти ва маданияти тарғиботига шунча меҳнати сингса-да, аммо ниҳоятда содда, ҳеч қачон кеккаймаган, ўта камтар, ҳалолдан ҳалолу ҳеч нима даво қилмайдиган инсон ҳақида нимадир қоралаганимдан хурсандман.

Алқисса, энди ич-ичимдан англаяпман, Амир Файзулла ёнимизда жимгина яшаб ўтаётган ҳақиқий қаҳрамон. Ҳа, у замонамиз қаҳрамони. Бундай инсонларни ҳар қанча ардоқласак, эъзозласак, мукофотласак шунча кам.

Фозил ФАРҲОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.