Амир Темур кўчасида пиёдалар учун ерости йўлаги қурилади
Шу кеча-кундузда Самарқанд шаҳрини ободонлаштиришда Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш” инвестициявий лойиҳаси ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича шаҳарнинг марказий кўчаларида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқлари модернизация қилинмоқда.
“Месмер-эаст ЛЛС” қурилиш корхонаси ишчилари Гагарин ва Ўзбекистон кўчаси оралиғида ичимлик суви тармоқларини қуриш ишларини олиб бормоқда. Бу ишларга корхонанинг 40 нафардан ортиқ ишчи ва мутахассислари жалб қилинган бўлиб, 26 та юк ташиш, қазиш ва бошқа махсус техникалар ёрдамида ковлаш ва қувур кўмиш ишларини бажармоқда.
- Бугунгача мазкур объектда 10 километрдан зиёд сув тармоқларини ётқиздик, -дейди лойиҳа иш бошқарувчиси Зафар Шомирзаев. – Амир Темур кўчасида 2,1 километр масофага 800 диаметрлик чўян қопламали қувур ётқизиш ишларини якунладик. Айни кунларда Гагарин кўчасидан Ўзбекистон кўчаси томонга 650 метр масофага қувурларни монтаж қилдик. Марказий тармоққача 200 метрга яқин масофа қолди. Мазкур объектдаги ишлар жорий йилнинг 1 июлигача якунига етказилади.
Ичимлик суви тармоқлари янгиланиши билан бирга сув босимини бир меъёрда ушлаш мақсадида барча сув иншоотлари ҳамда тақсимлаш тугунлари тўлиқ замонавий энерготежамкор насосларга алмаштирилиб, автоматлаштирилган бошқарув тизими ташкил этилади.
Яқинда Амир Темур ва Бўстонсарой кўчалари оралиғидаги 2,3 километр масофада ичимлик суви тармоқлари янгиланган эди. Энди шу ҳудуд “Нев-Теч Самарқанд” МЧЖ ишчи-мутахассислари томонидан асфальт қилинмоқда.
- Мазкур объектда қурилиш-таъмирлаш ишларига 90 нафардан зиёд ишчи, 50 дан зиёд юк машиналари ва махсус транспорт жалб қилинган, - дейди корхона иш бошқарувчиси Алишер Иноқов. – Ҳозиргача йўлнинг 700 метр қисми 3 қават қопламалар билан тайёрланиб, сўнгги асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Тез кунларда яна йўлнинг 1,5 километрлик қисмини таъмирлаш ишларини бошлаймиз.
Амир Темур кўчасидаги қурилиш - таъмирлаш ишлари якунлангач, йўлнинг эни 20 метрга етади. Кўчанинг икки томонидан пиёда ва велойўлаклар, гулхона бўлади, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади. Шунингдек, айни вақтда йўлсозлар янги пиёдалар ўтиш ер ости йўлаги қуришни ҳам бошлаб юборишди.
– Туннелнинг узунлиги 36 метр, эни 4 метр ва баландлиги 2,5 метрни ташкил этади. Мазкур ер ости йўлаги 71-боғча ва ҳамда 12-умумий ўрта таълим мактаби олдида жойлашади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.