«Андижон музқаймоқлари» саломатлик учун қанчалик хавфсиз?

Бугунги кунда вилоятимизнинг қайси автомагистраль йўлларидан ўтманг, кўзингиз албатта, “Андижон музқаймоғи” таклиф қилаётган сотувчиларга тушади. Кейинги вақтларда қўлида сариқ қути кўтариб олганларни Самарқанд шаҳри ва туманлар марказларида, аҳоли гавжум бўлган жойларда ҳам кўп учратяпмиз.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда “Андижон музқаймоқлари” истеъмолга яроқсиз, таркибида саломатликка зарарли моддалар бор, деган гап-сўзлар тарқалган эди. Ниҳоят, “Андижон музқаймоқлари” МЧЖ ташкил этилиб, маҳсулот патентланганидан сўнг гап-сўзлар босилганди. Аммо бугунги кунда вилоятимизга кириб келаётган музқаймоқлар махсус қадоқларда эмас, балки ярим хомашё сифатида кириб келаётганлиги одамни ўйлантиради.

Яқинда М-39 автомагистраль йўлидан ўтаётиб, йўл ёқасида қўлида соябон ушлаб турган сотувчидан музқаймоқ харид қилмоқчи бўлдик. Унинг махсус кийим ва қўлқоплари йўқ. Пулларни олиб, шу ҳолда қошиқни ушлаб, идишларга “музқаймоқ” солиб беряпти. Маҳсулот кўчадан тинимсиз ўтаётган автомобилларнинг чанги билан қоришиб кетган. Хуллас, соғлигимизни ўйлаб, сотиб олмадик.

Сотувчи қиз кунига 60-70 минг сўмга ёлланган экан. Андижонда тайёрлаб келтирилаётган мазкур маҳсулотнинг таркиби, унинг ишлаб чиқарувчиси, етказувчи кимлигини айтмади. Сотишга рухсат берувчи лицензия йўқ. У музқаймоқнинг 100 граммини 5 минг сўмдан сотяпти. Кунига 25 килограмгача маҳсулот ўтказар экан.

- Ҳозиргача 8-9 килограмм “морожний” сотдим, - дейди қиз. – Йўл ёқасида сотувчилар қанча кўп бўлса, камроқ сотамиз. Дам олиш кунлари харидорлар ҳам камаяди. Ҳар куни кеч соат 18:00 гача шу ерда ўтирамиз.

Тасаввур қилинг, бир сотувчи қиз бир кунда 25 килограмм сотса, фойдаси 1,5 миллион сўм бўлар экан. Кунига 10 сотувчи ишласа, жами 250 килограмм музқаймоқ сотар экан.

Хўш, бу оддий музқаймоқ экан, ҳамма жойда ҳам сотиляпти-ку, дерсиз. Тўғри, лекин сотувчиларнинг қўлида маҳсулотнинг лицензияси, сифатига кафолат берувчи мутасадди ташкилотларнинг рухсатномаси йўқ-ку?! Кўча-кўйда сотилаётган ушбу музқаймоқларнинг сифатига, ундан олиб еганларнинг саломатлигига, айниқса, музқаймоқни севиб истеъмол қилувчи болаларнинг ички касалликларга чалинмаслигига ким кафолат беради?

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси, солиқ ва ички ишлар идоралари томонидан "Андижон музқаймоқлари" устидан рейд тадбирлари олиб борилганини эшитмадик.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда “Андижон музқаймоқлари”ни сотиш учун кунига 60-70 минг сўмгача ҳақ тўланиши ваъда қилинаётган эълонларни кўриш мумкин. Тадбиркорларимизнинг минглаб ишсиз ёшларни иш билан таъминлаётгани барчамизни хурсанд қилади. Улар фаолиятига ҳеч қандай қаршилик йўқ. Музқаймоқ сотувчилар шу йўл билан оиласини тебратаётгандир. Бироқ биринчи навбатда, инсон саломатлигини ўйлаш керак.

Дилмурод Тўхтаев.