Андижон олдинги ҳаётга қайтмоқда. 3750 та тадбиркорлик субъектига фаолиятини тиклашга рухсат берилди
Андижон вилоятида жами 3750 та тадбиркорлик субъектига карантин тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолиятини тиклашга рухсат берилди. Бу ҳақда 4 май куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида ўтказилган селектор йиғилишида маълум қилинди.
Бунда, вилоят ҳокимининг топшириғи билан 4 майдан:
вилоятдаги 508 та транспорт уюшмасидан 82 тасида лицензияга эга бўлган 4700 дан ортиқ енгил автомобилларнинг уюшмалар томонидан кунлик санитария талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритишига;
3643 таси аёллар ва эркаклар учун сартарошхона ва гўзаллик салонларини санитария талаблари асосида оралиқ масофани сақлаган ҳолда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда солиқ идоралари ҳодимлари назорати остида фаолиятини давом эттиришга;
25 та меҳмонхонанинг ҳар бирига санитар врачларни жалб этган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат этилди.
Шу билан бирга, вилоятда Ўзбекистон бош давлат санитария врачи кўрсатмасига асосан, пандемия даврида касаллик тарқалишининг олдини олишни тўлиқ назорат қилиш имконияти йўқ бўлган жами 1096 та, шундан, 459 таси умумий овқатланиш корхонаси (етказиб бериш хизмати асосида ишлаш бундан мустасно), 115 та тўйхона, жамоат транспортлари (автобус, микроавтобус) мавжуд бўлган 426 та йирик транспорт уюшмаси, 24 та нодавлат-нотижорат ўқув маркази, 72 та буюм бозори ва савдо комплексларининг фаолият юритиши Республика комиссиясининг алоҳида кўрсатмаси бўлгунга қадар вақтинча чеклаб турилади.
Маълумот учун, вилоятда карантин эълон қилинган кунга қадар жами 29811 та хўжалик юритувчи субъекти фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 29 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш лозимлигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш бўйича Республика махсус комиссияси қарори қабул қилинди.