Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводларида оммавий ишдан бўшатиш тўғрисидаги хабарлар тасдиғини топмади
Ижтимоий тармоқларда Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводларида оммавий равишда ходимларни ишдан бўшатилаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди, деб ёзади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Вазирликнинг давлат меҳнат инспекцияси томонидан ушбу ҳолат бўйича ўтказилган ўрганишлари давомида “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” масъулияти чекланган жамиятларида ишчи ходимлар жамият ташаббуси билан оммавий равишда ишдан бўшатилмаганлиги, шунингдек, коронавирус пандемияси сабабли иш фаолиятини вақтинчалик тўхтатгани, ҳозирги кунда заводни ишга тушириш чоралари кўрилаётганлиги аниқланган.
Хусусан, “Хоразм шакар” масъулияти чекланган жамиятида 1081 нафар ишчи билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 418 нафар ишчи-ходим корхона ўз иш фаолиятини қайта тиклагунга қадар таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келаётганлиги, фақатгина ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб мурожаат қилган ходимлар ишдан бўшатилганлиги маълум бўлган.
“Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамиятида эса ҳозирги кунда 550 нафар ходим бўлиб, 2020 йилнинг июнь ойидан октябрь ойига қадар жами 170 нафар ходим билан томонларнинг келишувига кўра меҳнат шартномалари бекор қилинган. Шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ барча харажатлар ўз вақтида тўлаб берилган. Карантин чекловлари ўрнатилганлиги корхонанинг шакар олди-сотдисига жиддий зарар етказганлиги сабабли жамият фаолиятини 2020 йил июнь ойида тўхтатилиши муносабати билан корхона ходимларининг хоҳишига биноан меҳнат таътиллари ва ўз ҳисобидан таътиллар берилган. Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойлари учун эса ходимларга ўртача ойлик иш ҳақи тўлаб берилган.