Аниқланган молиявий қонунбузилиш ҳолатлари қонуний ечимини топади

Шу йил 13 январда zarnews.uz сайтида “Самарқанд вилоятида 13 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари мақсадли сарфланмаган” номли ва шу куни бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам шу мазмундаги мақола эълон қилинди.

Ушбу мақола юзасидан Самарқанд вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ахборот хизмати жавоб йўллади. 

Унда шундай дейилади:

“Мақолада ҳокимиятлар 3,5 млрд. сўм, ҳокимликнинг ободонлаштириш бошқармалари 7,8 млрд. сўм ва ҳокимиятлар ҳузуридаги “Ягона бюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясидан 8,4 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганлиги келтирилган.

Самарқанд вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан 2020 йил давомида бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи муассасаларда ўтказилган 549 та назорат тадбирларида 13,0 млрд. сўмлик бюджет маблағларини ноўрин ва мақсадсиз сарфланиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 1,0 млрд. сўми республика бюджетидан ва 12,0 млрд. сўми маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар ҳисобига тўғри келади.

Аниқланган молиявий қонунбузилиш ҳолатлари қуйидаги соҳаларда қайд этилган:

- халқ таълими соҳасида 6,8 млрд. сўмлик;

- мактабгача таълим соҳасида 1,2 млрд. сўмлик;

- ўрмон хўжаликларида 1,2 млрд. сўмлик;

- соғлиқни сақлаш соҳасида 0,9 млрд. сўмлик;

- “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясида 0,3 млрд. сўмлик;

- ўз-ўзини бошқариш (МФЙ) органларида 0,3 млрд. сўмлик;

- туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларида 0,2 млрд. сўмлик;

- маҳаллий ҳокимият органларида 0,04 млрд. сўмлик;

- бошқа бюджет ташкилотларда 1,0 млрд. сўмлик.

Ўтказилган 250 та назорат тадбирларида аниқланган жами 12,4 млрд. сўмлик молиявий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича хужжатлар расмийлаштирилиб қонуний чора кўришлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга юборилган, аниқланган ноўрин харажатларнинг 93 фоизи, яъни 12,1 млрд. сўми бюджетга тикланиши таъминланган”.