Анна АХМАТОВА: Атиргуллар ўлкаси абад, ўлмоқ учун Самарқандга юр... (Ўзбеклар очдан ўлса-да, нарсасини биз билан бўлишарди)

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон аҳолиси 1,5 миллиондан ортиқ қочоқларга ўз уйидан жой берди. Ҳарбий тўқнашувлар содир бўлаётган ҳудудлардан одамлар шошилинч тарзда Ўзбекистонга эвакуация қилинарди. Етим қолган норасида болалар, қўлида ёш боласи билан қолган аёллар, кексалар тақдирлари қандай якун топишини билишмасди. Ахир уларнинг тасаввурида ўзбеклар “босмачилар” эди.

Совет тузуми томонидан “босмачи” ва кейинроқ “халқ душмани” тамғаси билан минглаб ўзбекистонликлар қурбон бўлгани, Фарғона, Тошкент, Хива ва бошқа шаҳарлардаги қонли тўқнашувлар халқнинг ёдидан чиқмаган эди. Бироқ бағри кенг ўзбек халқи, бутун собиқ иттифоқдан мамлакатга юборилган одамларни инсонийлик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат билан, етимларни ўзбекона оналик меҳри билан кутиб олди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекситонга юборилган 650 минг етим боладан биронтаси ҳам етимхонага юборилмаган. Ўзбекистонликлар эвакуация қилинганларнинг ўзларини ҳеч кимга кераги йўқ, бегоналардек ҳис қилмасликлари учун қўлидан келганларича ҳаракат қилишди.

А.С.Пушкин номидаги Санкт-Петербург давлат университети профессори Николай Козлов уруш даври болаларининг ва катталарнинг Тошкентда ўтган ҳаёти ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, “Уруш даврида ўзбекистонликлар эвакуация қилинганларга нисбатан меҳр-шафқат кўрсатишди, сўнгги бир бурда нонини баҳам кўрди, кийимларини бўлишди, уйидан жой берди.

1941 йилда Ленинграддан (Сантк-Петербург) Тошкентга эвакуация қилинган ватандошимиз Меркулова болалар уйига юборилиши керак бўлган болаларни вокзалда қандай кутиб олишгани ҳақида хотирлади. Унинг айтишича, ўзбекистонлик аёлларга эвакуация қилинган болаларни асраб олишга ва оналик меҳри кўрсатишлари ҳақида қилинган чорловларга минглаб аёллар келишди. Улар вокзалга келиб болаларни ўз оилаларига олиб кетишди.

Бухоро вилоятидан “Болаларни ўз тарбиясига олишни хоҳловчиларнинг истакларини қондира олмаяпмиз. Мабодо бошқа вилоятда қаровсиз болалар бўлса, уларни Бухорога жўнатинг”, деган хабарлар келарди.

Уруш даврида Ўзбекистонга юборилган болаларнинг деярли барчаси уларнинг омон қолишига ўзбекистонликларнинг ғамхўрлиги сабаб бўлган.

Улар шундай ёзишган: “Биздан юз ўгиришмади, иссиқ жой беришди, ўзлари сиғишмай қолишди, аммо бизлар учун жой топишди. Мен маҳаллий аҳоли ва эвакуация қилинганлар ўртасида рўй берган биронта жанжални ёки мажорони билмайман, - дея таъкидлади Николай Козлов. – Бизни ўз қондошларидек қабул қилишди, биздан ширин сўзларини аяшмади. Ўзлари очликдан вафот этишарди, аммо барча нарсасини биз билан бўлишарди”.

Уруш даврида деярли барча собиқ иттифоқ ёзувчилари билан бирга Тошкентга рус адиби Корней Чуковский ҳам юборилганди. У 1942 йилда фронтдаги ўғлига шундай ёзади: “Ўзбеклар ажойиб халқ, нозик дидли, хуш муомалали”.

Рус адабиётининг яна бир намояндаси Анна Ахматова 1941 йилда қамалда қолган Ленинграддан Ўзбекистонга эвакуация қилинди ва 1944 йил май ойигача Тошкентда яшади. Тошкентдаги ҳаёти унинг учун энг ёрқин хотиралар бўлиб қолди. Ўзбек халқининг бағрикенглиги ва кўмагини адиб ўз кўзи билан кўрди. Анна Ахматова Тошкентга бўлган меҳрини “Менинг соям сенинг остонангда”, дея изоҳлади.

У ўзбек адиблари Ойбек ва Чустий билан яқиндан таниш эди ва юртига кетар чоғи қуйидаги мисраларни битди:

Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,

Раҳмат ва хайр! - сизга, азизлар.

Дуррачамни силкийман кулиб,

Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий! - сизга азизлар.

Раҳмат, Тошкент! - кечир, мени кечиргил,

Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.

Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,

Ёш ва дилбар қора сочли оналар,

Ширин кулчалар тутган болалар,

Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!

Саккиз юз куним — мўъжизавий сас,

Шу мовийранг чексиз осмон остида,

Шу ложувард тубсиз уммон остида

Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,

Эй, оташин боғ...

У юртига қайтиб кетганидан сўнг Ўзбекистон ҳақида кўплаб соғинчли шеърлар ёзади:

Ёддан чиқмас юлдузли гўша,

Нурли, шонли, ўша ва ўша

Кичик-кичик ширин кулчалар

Ёш қўлларга ярашар бу кун

Бу қорасоч оналар дуркун.

Шунингдек, Анна Ахматова Самарқандга ўзгача меҳр қўйди. У Самарқандга тез-тез келиб турган ва ҳар доим бу қадим шаҳар ҳақида дўстларига тўлқинланиб сўзлаб берган. Вақт ўтиб у оғир хасталикка чалиниб ётиб қолади ва шундай дейди:

“Атиргуллар ўлкаси абад

 ўлмоқ учун Самарқандга юр...”.

Бекзод МУСУРМОНОВ.