Аннамарие Бассон: Фаолиятимнинг қолган қисмини Самарқандда давом эттираман
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Samarkand Marathon” халқаро хайрия югуриш марафонида Самарқанд халқаро технология университетининг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этди. Мусобақадан сўнг хорижлик ўқитувчилар марафон таассуротлари билан ўртоқлашди.
Аннамарие Бассон, СХТУ тиллар маркази директори, профессор (Жанубий Африка):
- Ёшим 76 да. Марафонда ўзбекистонлик ҳамкасблар ва жамоадошларим билан иштирок этдим. Мусобақа чиройли ва тартибли ўтди. Эътиборимни тортгани, марафондан тушган маблағлар савобли ишлар учун сарфланиши бўлди. Дунёнинг ўндан ортиқ давлатида бўлганман. Мусобақада ёшлардаги бир-бирини руҳлантириш, маррага етиш учун жамоавий ҳаракатлар ва бу юрт фарзандлари ўртасидаги аҳиллик менда илиқ таассурот қолдирди.
Фаолиятимнинг кейинги қисмини айнан Ўзбекистонда давом эттиришни танлаганимнинг ҳам асосий сабаби дўстлик ва бу мамлакатдаги самимий меҳмондўстликнинг олий қадрият сифатида халқининг онгу шуурида сингиб кетгани бўлди, десам адашмайман. Самарқанд халқаро технология университети ректори, яқин дўстим профессор Юсуф Абдуллаев томонидан бирга ишлаш таклифини ҳам бажонидил қабул қилиб, янги университетда иш бошладик ва мен умримнинг сўнггига қадар шу юртда, кўҳна кентда қолишга қарор қилдим.
Ивй Нан Силверман, СХТУ тайёрлов мактаби директори, профессор (АҚШ):
- Бундай марафонда иккинчи бор қатнашяпман. Биринчи марта Қатарда “Шарқдан Ғарбга 1000 км югуриш” шиори остида саҳро бўйлаб 5 км масофани босиб ўтганман. Ёшим 62 ёшда бўлса-да спорт билан шуғулланишни канда қилмайман. Ўтган йил Самарқанда ўтказилган “Samarkand Half Marathon” (Самарқанд ярим марафони) ҳақида эшитгандим. Бу йилги марафонда иштирок этиш мақсадида тайёргарлик кўриб, 5 километр масофага югурдим. Марафон жуда яхши ўтди. Энг асосийси, Қатар саҳросида югурганимиздек иссиқ эмас, об-ҳаво ҳам ажойиб бўлди. Айниқса, кўчалардаги сокинлик, транспорт воситалари ҳаракатининг маълум муддатга тўхтатилгани ва шаҳардаги меъморий обидаларни кўриш имкониятининг яратилиши менга жуда ёқди”.