“Анор – 2022” бу йил кимларни кашф этди?
“Анор – 2022”, бу ишбилармон аёлларнинг ўзига хос майдони. Ушбу танловнинг вилоят босқичида иштирок этиб, республика босқичига бу йил энг фаол тадбиркор аёллар муносиб кўрилди.
Жумладан, "Энг яхши хизмат кўрсатувчи корхона” номинациясида биринчи ўрин Самарқанд шаҳридаги “Жавлон аудит сервис” аудиторлик ташкилоти раҳбари Шаҳноза Нуриддинова муносиб кўрилди. “Энг яхши ишлаб чиқарувчи корхона” номинациясида Ургут туманидаги “Зарина сифат текстиль” корхонаси раҳбари Зарина Расулова лойиқ деб топилди. “Энг яхши фермер” йўналишида ғолиблик Жомбой туманидаги “Шербоев Муродилло чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Шербоевага насиб этди.
Бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Анор” ишбилармон аёллар танлови юзлаб тадбиркор аёлларни кашф қилди, уларни рағбатлантирди, баъзиларига тўғри йўналиш берди.
Танлов ғолибларини тақдирлаш муносабати билан ўтказилган маросимда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
-Ассоциациямиз томонидан бир неча ўн йиллардан бери тадбиркорларга назарий, амалий кўмак бериб келмоқдамиз, - дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. – Ташкилотимиз бугун минг нафардан ортиқ аъзоларига эга. Ўтган уч йил мобайнида вилоят миқёсида беш мингдан ортиқ аёллар ассоциация хизматларидан фойдаланди. Айни кунларда биз тадбиркорлик йўналишини кенгайтирмоқчи ёки иш бошламоқчи бўлган хотин-қизлар учун агробизнесни ривожлантириш, якка тартибдаги корхона очиш, кредит олиш масалалари бўйича жойларда семинар-тренинглар ўтказиб келяпмиз.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари З.Раҳмонова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Рафиқов тадбиркор хотин-қизларни қутлаб, бугун улар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида сўз юритдилар.
Республика миқёсида ўтказилаётган Тадбиркор аёллар ҳафталиги доирасида ўтказилган “Анор – 2022” танловида ҳар бир шаҳар, тумандан ғолиб деб топилган ишбилармон аёллар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Шунингдек, мазкур ҳафталик доирасида Самарқандда ишбилармонлар аёллар томонидан бир нечта янги тадбиркорлик корхоналари ҳам ишга тушди.
- Яқиндагина Самарқанд шаҳрида биринчилардан бўлиб гўзаллик академияси ташкил этдик, - дейди Баҳора Давронова. – Тўғри, бугунги кунгача ҳам шаҳримизда бир неча хизмат турларини кўрсатаётган гўзаллик салонлари, соғломлаштирувчи марказлар кўп. Аммо академиямизда буларнинг барчаси бир жойда жамланган ва энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Қолаверса, тажрибали шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Аёллар учунзарур қулайликлар қаторида фарзандлари учун махсус майдонча ҳам ташкил қилдик.
Анжуман давомида Баҳора Давронова каби илғор тадбиркор аёллар фаолияти ҳамда бир неча ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этилиб, ассоциация ташаккурномаси билан тақдирланди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.