Антисептиклар ҳақида фактлар ва уни уй шароитида тайёрлаш усули
Дўконларда санитайзерларга талаб ошиб кетди. Бу тушунарли ҳолат, албатта. Чунки коронавирус пандемияси ҳали тўхтагани йўқ. Қолаверса, иккинчи тўлқин келишидан барча хавотирда.
Агар қўлларни совунлаб, яхшилаб ювиш ёки антисептик воситадан фойдаланиш ўртасида танлашга тўғри келса, биринчисини танлаган маъқул. Бироқ қўлни ювиш имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди. Шундай ҳолларда антисептик воситалар ёрдамга келади.
Муҳим! Ёғли ва жудаям кир қўлларни антисептик воситалар билан тозалаш мумкин. Бироқ бу кам самара беради. Сабаби, микроб ва вирусларнинг кўп қисми қўлда қолиб кетади. Мазкур факт антимикробиал фаолликни ўрганиш тадқиқоти билан тасдиқланган.
Уй шароитида тайёрланган дезифекцияловчи воситалардан фойдаланганда спирт концентрацияси 40 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирдагина самарадор бўлади. Бироқ айрим мутахассислар антисептик восита таркибида камида 60 фоиз спирт бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Муҳим! Тоза, 90 фоизли спиртнинг ўзидан қўлни тозалаш учун фойдаланиш мумкин эмас. Спирт тери намлигини кескин камайтириб юборади.
Уй шароитида антисептик воситани тайёрлаш усули
Уй шароитида антисептик восита тайёрлаш учун қуйидагилар керак бўлади:
- 1 литр сиғимдаги идиш;
- 800 мл. спирт;
- 40 мл. хлоргексидин ёки водород пероксид (3 фоиздан кам бўлмаган);
- 15 мл. глицерин;
- 20 мл. илиқ сув;
Кичик идиш учун:
- 100 мл. спирт;
- 10 мл. хлоргексидин ёки водород пероксид;
- 5 мл. глицерин.
Барча таркибий қисмларни идишга қуямиз, идиш қопқоғини қаттиқ ёпиб куч билан чайқаймиз.
Яна қандай воситаларни антисептик таркибига қўшса бўлади?
Қўлингиз териси доимий антисептикдан фойдаланиш таъсирида қуруқлашиб қолмасин, десангиз унинг таркибига турли эфир ёғларини қўшсангиз бўлади. Бундан ташқари, эфир ёғи ўзидан хушбўй ҳид таратади. Шу сабабли эфир ёғи қўшилган антисептикдан фойдалансангиз димоғингизни спирт ҳиди беҳузур қилмайди. Бунинг учун 1-2 томчи эфир ёғи етарли бўлади.
Алоэ гули шарбати – бу фаол моддалар концентрати. У антибактериал таъсирга эга. Агар уйингизда шундай гул бўлса, унда унинг 30 мл. шарбатини ўзингиз тайёрлаган антисептик воситага аралаштириб юборинг. Ага алоэ шарбатини ололмасангиз у ҳолда 1-2 дона гул шоҳини гўшт майдалагичдан ўтказиб аралаштирсангиз ҳам бўлади.