АҚШ “Мустақиллик декларацияси”ни Самарқандга ким олиб келган?
Бугун 4 июль - Америка Қўшма Штатларининг мустақиллик куни. Америкада Мустақиллик куни мамлакатнинг асосий байрами ҳисобланади. Бутун дунёда демократик қадриятларнинг шаклланиши, ривожланиши, мустаҳкамланиши ва ҳимоя қилинишида айнан АҚШ нинг роли беқиёс. Американинг ўзида эса бу қадриятларнинг асоси расман 1776 йил 4 июлда қабул қилинган “Мустақиллик декларацияси”дан бошланади.
Мустақиллик декларацияси қабул қилинишининг қисқача тарихи қуйидагича. Маълумки, АҚШ Буюк Британиянинг колонияси ҳисобланган ва Англия қироллари, қироличалари томонидан бошқарилган. Ўша вақтда Америкада 13 та штат бўлган. Мана шу 13 штат бирлашиб Буюк Британиядан мустақил бўлишни истаган. Филадельфия шаҳрида мажлис ўтказаётган Иккинчи континентал конгресс 1976 йил июнь ойида мустақиллик эълон қилиш ҳақида резолюцияни муҳокама қилган. Мажлисда декларация тайёрлаш бўйича комитет тузишга қарор қилинади. Декларацияни тайёрлаш бўйича тузилган комитетга Томас Жефферсон (Thomas Jefferson), Жон Адамс, Бенжамин Франклин, Рожер Шерман ва Роберт Р. Ливингстон киритилади. Комиссиянинг бошлиғи этиб Т.Жефферсон сайланади. Учрашувларнинг бирида комитетнинг бошқа аъзолари бир овоздан декларациянинг бошланғич вариантни ёзишни Т.Жефферсондан сўрашади. Чунки ўша вақтда Т.Жефферсон ёзувчи сифатида яхши маълум бўлади. Бундан ташқари ўша вақтда комитет аъзоларининг бирортаси буни жуда муҳим деб ҳисобламаган. Т.Жефферсон декларациянинг биринчи вариантини ёзган. Комитет томонидан баъзи ўзгартиришлар киритилгандан кейин декларация лойиҳаси 1776 йил 28 июнда Конгрессга тақдим этилади. Конгресс 2 июлда мустақиллик учун овоз бериб Декларацияни муҳокама этишга ўтади. Икки кунлик муҳокамадан кейин Декларация матнининг тўртдан бир қисми чиқариб ташланади. Декларациянинг охирги варианти Конгресс томонидан 1776 йил 4 июлда қабул қилинади. Шундан бери бу сана Америка Қўшма Штатларининг асосий байрами Мустақиллик куни сифатида нишонлаб келинади.
Жеферсонни машҳур қилган декларациянинг кириш қисми (преамбуласи) инсон ҳуқуқлари тўғрисида ёзилган энг машҳур матн ҳисобланади. Айнан Т.Жефферсон томонидан ёзилган АҚШнинг Мустақиллик декларацияси бошқа давлатлар мустақиллик эълон қилганда қабул қилинган декларацияларга, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларга асос бўлиб хизмат қилган.
Мустақиллик декларациясини 17 кунда ёзган Т.Жеферсон ўша вақтда 33 ёшда бўлган. Кейинчалик Т. Жефферсон икки марта (1801 – 1809 йиллар) АҚШ Президенти лавозимига сайланган. Мустақиллик декларациясини ўша вақтда мавжуд бўлган 13 штатнинг 56 вакили имзолаган ва уларнинг номи АҚШ тарихига кирган.
Т.Жефферсоннинг Америка халқи олдидаги буюк хизматларини инобатга олиб, Президент Франклин Рузвельтнинг ташаббуси билан Вашингтон шаҳридаги Миллий Аллеяда 1943 йилда унга атаб салобатли меъморий ёдгорлик қурилган. 1947 йилда ёдгорликнинг ичига Т. Жефферсоннинг ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкалнинг орқа томонидаги деворига Мустақиллик декларацияси прембуласининг матни ўйиб ёзилган.
1976 йилда АҚШ мустақиллиги эълон қилинганининг 200 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан Москвада Сокольники паркида бир ой мобайнида АҚШнинг катта кўргазмаси намойиш қилинди. Ўша вақтларда Америка Қўшма Штатлари Совет Иттифоқининг биринчи душмани эди, табиийки бу кўргазма тўғрисида матбуот, радио, телевиденияда ҳеч қандай маълумот берилмади (Балки Москва шаҳридаги матбуотда бўлгандир, табиийки буни Москвадан ташқаридагилар билмайди). Ўша вақтларда мен Ленинград давлат университетининг аспиранти эдим. Баъзида вақт бўлганда «Свобода» радиосининг эшиттиришларини кичкина радиоприёмнигим орқали эшитардим. Бир куни шу радио кўргазма ҳақида бир неча марта реклама – хабар берди. Июнь ойининг боши бўлса керак Москва шаҳрига илмий конференцияга боришимга тўғри келди. Конференция тугагач Москвада қолиб кўргазмани кўришга бордим. Навбат жуда катта эди, 3 соатларча навбатда туриб кўргазмага кирдим. Мен билан кирганларнинг бир қисми экспонатларни томоша қилмасдан кета бошлади. Кейин билсам улар чиқиш эшиги томонга қараб юрган экан. Чиқиш эшигида ҳар бир томошабинга биттадан значок, полиэтилен пакет ва Мустақиллик декларацияси, АҚШ Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари ҳақида Биль (АҚШ Конституциясига киритилган биринчи 10 та қўшимча модда) нашр қилинган 8 бетлик чиройли журнал бериларкан. Битта пакет ўша вақтда “қора бозор” да 10 рубльга сотиларкан. Навбатда турганларнинг кўпчилиги айнан шу пакет учун келган экан. Мен кўргазма экспонатларини узоқ вақт томоша қилдим. АҚШ ҳақида 15-20 минутлик ҳужжатли фильм кўрдим. Фильм асосан Иккинчи жаҳон уруши вақтида иккала давлат орасидаги ҳамкорликка бағишланган ва рус тилига таржима қилинган эди. Кўргазмада Томас Жефферсоннинг катта ҳайкали ва Мустақиллик декларациясининг нусхаси ҳам қўйилганди. Янгиликни қабул қилишга, оқ-қорани ажратишга мойиллигим бўлса керак, бу воқеадан кейин АҚШ ҳақидаги таассуротларим кескин ўзгарди. Чунки ўша вақт Америка фақат “қора” рангда кўрсатиларди. Чиқишда менга ҳам журнал ва значок беришди, лекин пакет тугаган экан.
1-расм. Мустақиллик декларациясининг хаттот томонидан чиройли қилиб кўчирилган варианти. Айнан шу қўлёзманинг остига 13 Штатнинг 56 вакили имзо қўйган.
Албатта, у вақтларда бу ҳужжатларни топиш қийин эди. Дунё мамлакатлари учун маёқ бўлган бу тарихий ҳужжатларнинг чиройли нусхаси 44 йилдан бери менинг уйимда. Эҳтимол, у декларациянинг Ўзбекистонда мавжуд энг эски (энг олдинги, ягона) нусхаларидан биридир. Шу баҳона бўлдими, сабаб бўлдими, билмадим, бу соҳага қизиқиб бўш вақтларимда ўқиб кўп нарсаларни ўргандим. Озроқ саводим чиқди шекилли, 2004 йилда Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддасини бошқа 30 яқин мамлакат Конституцияларининг айнан шундай моддаси билан таққослаб бу ҳақда Ўз.Р Президенти номига хат юбордим. Хатга жавоб бўлмагандан кейин уни мақола кўринишида Аъло Хўжаевнинг “TRIBUNE.uz” Интернет сайтида чоп қилдим. Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 августдаги “Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш таркиби миқдорлари тўғрисида” ги қарорини ўқиб унинг ЎзР Конституциясининг 53-моддасига зид эканлигини сездим. Қарорни тахлил қилиб “Моҳият” газетасининг 2002 йил 23 августдаги 33-сонида бир гуруҳ ота-оналар номидан чиққан мақолада бу қарор юридик жиҳатдан Конституцияга зид эқанлигини кўрсатиб уни бекор қилиш ёки тузатиш кераклигини ёздим. Шундан кейин қарор тузатилди шекилли 2003 йилнинг ёзидан бошлаб 1, 2 ва 3 – курс талабаларининг коэффициентлар орқали чегириб қолинган стипендиялари кейинги курсга стипендия учун ўтказилди, 4 – курс битирувчи талабаларники эса уларга қайтариб берилди. Қарор қайтадан тўғри бўлиб чиққунча пастки курс талабаларининг чегириб қолинган стипендияларини юқори курс ҳисобига ўтказиш, битирувчиларникини эса қайтариб бериш Республикамизнинг ҳамма олий ўқув юртларида бир неча йил давом этди. Бу ўша йиллари талаба бўлганларнинг эсида бўлса керак.
2005 йилда юқорида айтилган икки мақола ва сиёсий туркумдаги бошқа мақолаларим билан ОБСЕ ва Евразия фонди журналистлар учун эълон қилган танловда қатнашиб 2-мукофотга сазовор бўлдим.
Ўзбекистонда янги давр бошланганидан бери Президентнинг виртуал қабулхонасига ЎзР Конституциясининг 4 моддаси бўйича таклифлар юбордим (таклифларнинг 3 таси менинг саҳифамга қўйилган). Таклифлар Олий Мажлисда ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилганлиги ва келгусида мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришда муҳокама қилиниши ҳақида илиқ хатлар олдим.
Шундай қилиб, Мустақиллик декларацияси, АҚШ Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги Билл билан танишув менинг ҳаётимда катта рол ўйнаган.
Шунинг учун, агар Америкага борсам, албатта, Т.Жефферсоннинг мемориал ёдгорлигини, Мустақиллик декларацияси қабул қилинган тарихий бинони кўраман, зиёрат қиламан деган орзу бор эди. Тақдирни қарангки Грин Кард лотореяси ютиб АҚШ га кетган синглимнинг оиласи шарофати билан бу орзу амалга ошди. 2015 йилда уларнинг таклифига кўра Америкага бордим ва жиянларимнинг кўмаги билан бу тарихий жойларни ўз кўзим билан кўриб зиёрат қилишга муяссар бўлдим.
2-расм. Т.Жефферсон мемориал комплексидаги АҚШ нинг 3-Президенти Томас Жефферсон ҳайкали олдида. Ҳайкалнинг орқа томонидаги деворга «Мустақиллик декларацияси»нинг преамбуласи матни ўйиб ёзилган.
3-расм. Филадельфия шаҳридаги АҚШнинг «Мустақиллик декларацияси» қабул қилинган бино. Мен синглим Дилором билан.
4-расм. АҚШ Конституциясига киритилган биринчи 10 та модданинг муаллифи АҚШ нинг 4-Президенти Жеймс Мэдисонга (James Madison, Jr) ўрнатилган ҳайкал ёнида Ҳайкалнинг орқа томонида машҳур Биллнинг матни ўйиб ёзилган. Жеймс Мэдисон Америка Конституциясининг ҳам «отаси» ҳисобланади.
Абдулла ҚУВАТОВ,
СамДУ доценти.