АҚШ Тайванга 1,1 миллиард долларлик қурол сотмоқчи, Хитой бундан ғазабда
АҚШ Давлат департаменти Тайванга умумий қиймати 1,1 миллиард доллардан ортиқ бўлган қурол-яроғ савдоси бўйича келишувга рухсат берди, деб хабар бермоқда Пентагон таркибига кирувчи АҚШ мудофаа ҳамкорлиги агентлиги.
Агентлик томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, агар бу келишув якуний маъқулланса, у 85,6 миллион долларлик 100 дона «ҳаво-ҳаво» ракеталари, 60 дона кемага қарши ракеталари ва 355 миллион доллар миқдоридаги "тегишли ускуналар"ни етказиб беришни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Давлат департаменти радар станциялари учун 655,4 миллион доллар миқдоридаги шартномани узайтириш учун “яшил чироқ ёқди”.
Ўз навбатида Хитой АҚШ томонидан Тайваньга қурол сотилишини қоралади: “Хитой АҚШ томонини ўз мажбуриятларини бажаришга, “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ қўшма коммюникесига қатъий риоя қилишга, АҚШ-Хитой муносабатларига зарар етказмаслик, дунё ва Тайвань бўғозидаги барқарорлик учун Тайвань билан қурол-яроғ савдоси ва ҳарбий алоқаларни тўхтатишга чақиради.Хитой вазиятдаги сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қатъий қонуний ва зарур жавоб чораларини кўриш ниятида”, деди Хитойнинг Вашнгтондаги элчихонаси дипломатик миссияси вакили.
Қўшма Штатлар турли даражаларда "ягона Хитой" сиёсатини олиб бориш тарафдори эканлигини айтмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Жон Кирби бир кун аввал бўлиб ўтган брифингда журналистларга АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг Тайбейга ташрифидан сўнг орол яқинида Хитойнинг ҳарбий фаоллиги кучайганлиги сабабли Вашингтон Тайванга “хавфсизлик ёрдами” кўрсатишда давом этишини тасдиқлади.
Тайвань масаласи 1949 йилда Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганда ва Хитой Гоминдан партиясининг бир қисми Тайван оролига жойлашиб, оролни Тайвандаги Хитой Республикаси деб атаганда алангаланди. Пекин “ягона Хитой тамойили”ни таъкидламоқда, унга кўра, Тайвань масаласида ХХР ва Хитой Республикасини бир вақтда тан олиш мумкин эмас. Шу билан бирга, деярли барча йирик штатларнинг Тайбейда норасмий маданий ва иқтисодий идоралари мавжуд.