АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги ҳусий нишонларига зарба берди
Яман ҳусийлари вакили АҚШ ва Британия зарбалари Яман пойтахти ҳамда Ходейда, Саада ва Дҳамар шаҳарларига берилганини маълум қилган. Ҳусийларнинг ўндан ортиқ нишонларига зарбалар берилган. Бу ҳақда Reuters америкалик расмийларга таяниб хабар берган.
Вашингтон ва Лондон Қизил денгиздан ўтаётган кемаларга Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийларнинг ҳужумлари давом этаётгани сабабли зарбалар беришга қарор қилишгани айтилмоқда.
Зарбалар бошланганидан тахминан бир соат ўтиб, АҚШ президенти Жо Байден баёнот берди.
“Бугун менинг буйруғимга кўра, АҚШ кучлари Буюк Британия билан биргаликда Австралия, Баҳрайн, Канада ва Голландия кўмагида Ямандаги ҳусий исёнчилар томонидан навигация эркинлигига таҳдид қилиш учун дунёдаги энг муҳим юк ташиш йўлларидан фойдаланилган бир қатор нишонларга муваффақиятли зарба беришди. “Ушбу зарбалар ҳусийларнинг Қизил денгиздаги халқаро кемаларга мисли кўрилмаган ҳужумларига, жумладан, биринчи марта кемага қарши баллистик ракеталардан фойдаланишига тўғридан-тўғри жавобдир”, деди Америка президенти ва ҳусийларга қарши зарбаларни “мудофаа ҳаракати” деб атади.
Унга жавобан Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яманнинг шимолий ва ғарбий қисмини назорат қилувчи гуруҳ раҳбари Абдул-Малик ал-Хусий “Американинг ҳар қандай ҳужуми жавобсиз қолмайди. Жавоб 20 та дрон ва бир нечта ракеталар ёрдамида амалга оширилган ҳужумдан кўра каттароқ бўлади”, деди.
АҚШ ва Британиянинг Ямандаги ҳусийларга қарши зарбаларидан кейин ўнлаб фаоллар бугун Вашингтондаги Оқ уй олдида тўпланишган.
Яман ҳусийлари куздан бери Қизил денгиздаги кемаларга тинимсиз ҳужум қилиб келмоқда. 14 ноябрь куни гуруҳ Исроил билан боғлиқ бўлган ҳар қандай йўл билан барча кемаларга ҳужум қилишини эълон қилиб, ўз ҳаракатларини “Америка-Исроил Ғазо секторидаги тажовузга” жавоб деб атаган, бироқ нафақат ҳарбий кемалар, балки кўплаб турли мамлакатлар савдо кемалари ҳам ҳужумга учраган.
Декабрь ойи ўрталарида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин “Фаровонлик посбони” халқаро операцияси бошланганини эълон қилди. Унинг мақсади “Яман ҳусийларининг эҳтиётсиз ҳужумлари”дан кейин Қизил денгизда юк ташиш хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Операцияда АҚШ билан бирга Буюк Британия, Баҳрайн, Канада, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Испания иштирок этади. Операция айнан нимадан иборатлиги айтилмаган.