АҚШ ва Хитой қарама-қаршилиги давом этмоқда

Гонконгдаги баҳсли қонун лойиҳасига қарши АҚШ томонидан Хитойга нисбатан эълон қилинган санкцияларга Хитой жавоб қайтарди. Бу ҳақда ТАСС нашри Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян сўзларига таяниб маълум қилди.

Тақдим этилган маълумотга кўра, Пекин Гонконг воқеаларига “танқидий қараган” АҚШ вакилларига нисбатан виза чекловларини жорий этиш қарорини қабул қилган. Бироқ санкцияга тушган шахсларнинг исм-шарифлари ошкор этилмади. 

26 июнь куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Америка ҳукумати томонидан Гонконг автономиясига таҳдид қилинишида жавобгар ёки алоқадор ҳисобланувчи Хитой коммунистик партиясининг собиқ ва амалдаги аъзолари учун виза чекловлари жорий этилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат илгари Хитой ҳукумати Гонконг ҳудудида миллий хавфсизлик қонун лойиҳасини татбиқ этиш қарорини қабул қилган эди. Таклиф этилаётган ҳужжатга мувофиқ, Хитой Гонконг устидан назоратни ошириш имконига эга бўлади. Янги қонун лойиҳаси тарафдорлари мазкур қонун Хитой давлатини терроризмдан ва ташқи кучларнинг аралашувидан сақлашини, шунингдек, миллий хавфсизликнинг мустаҳкамланишига ёрдам беришини эътироф этмоқда.

Тахминларга кўра, қонун лойиҳаси июнь ойи охирида қабул қилинади.