АҚШда қурол савдоси чекланадими: Яна қуролли ҳужум бўлди ва кўплаб қурбонлар бор

АҚШнинг Виржиния штатидаги Виржиния–Бич шаҳрида бугун қуролли босқинчи уюштирган отишма натижасида 12 киши ҳалок бўлган, яна кўплаб ярадор бўлганлар бор. Бу ҳақда шаҳар полиция идорасининг раҳбари Жим Сервер ОАВ га маълум қилган.

Маълум бўлишича қуролли босқинчи шаҳардаги маъмурий бинолардан бирига бостириб кириб одамларга қарата тартибсиз ўт оча бошлаган.

Шундан сўнг полиция кучлари етиб келган ва полиция билан ўзаро отишмада босқинчи ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бинонинг ҳар уч қаватида ҳам бўлган. Босқинчи ҳатто бино ташқарисидагиларни ҳам аямаган, ҳалок бўлганлардан бири ташқарида ўз машинасининг ичида ўтирган ҳолатида босқинчи томонидан отиб ташланган.

Айни дамда босқинчининг шахси аниқланган ва нега бундай ёвузликни содир этгани сабаблари ўрганилмоқда. Маълум бўлишича, у шаҳар идораларидан бирида хизматчи вазифасида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда бундай қуролли ҳужумлар одатий ҳисобланади. Аҳолининг бир қисми анча йиллардан бери аҳолига эркин қурол сотишни ва мамлакат фуқароларига уйда ва кўчада қурол кўтариб юришни тақиқловчи қонун қабул қилишини талаб қилиб келади. Аммо, ҳозирча бундай қонун қабул қилинмаяпти.