АҚШга бир оилани 150 минг доллар эвазига юборишни ваъда қилган шахс ушланди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро бу "иш"ни катта пул эвазига амалга оширишини ваъда қилгани аниқланган.

Тезкор тадбирда у хорижий фуқаро ва унинг 4 нафар оила аъзосини 150 минг АҚШ доллари эвазига Туркия орқали АҚШга ишлаш учун юборишини ваъда қилиб, мансабдор танишлари ёрдамида визани тайёрлаб бериши учун олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи хорижий фуқаро бошқа чет эл фуқаросига Буюк Британия сохта фуқаролик паспортини тайёрлатиб беришини ваъда бериб, ушбу паспорт ёрдамида жами 25 минг АҚШ доллари эвазига уни Туркия ва БАА орқали АҚШга жўнатиб юбориши учун олдиндан 12500 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.