АҚШнинг Ҳиндистонга қарши 50 фоизлик божлари кучга кирди

Томонлар беш марта музокара ўтказди, аммо улар самарасиз якунланди.
Ҳозирги пайтда АҚШнинг Ҳиндистонга нисбатан бож ставкалари Осиёдаги энг юқори кўрсаткичга айланган. Чекловлар Ҳиндистон экспортининг ярмидан кўпроғини қамраб олади ва аввало тўқимачилик ҳамда заргарлик саноатига таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, электрон маҳсулот ва фармацевтика тармоғи янги тарифлардан озод этилди — бу эса, масалан, Apple компаниясига янги заводларга йўналтирилган катта инвестицияларни сақлаб қолиш имконини беради.
Вашингтоннинг бундай чораси Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олиши билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, АҚШ ҳозирча Владимир Путинга шахсан санкция жорий қилишга шошилмаяпти.
Frankfurter Allgemeine Zeitung нашрининг ёзишича, сўнгги ҳафталарда АҚШ президенти Нарендра Моди билан боғланиш учун тўрт маротаба уринган, аммо Ҳиндистон Бош вазири қўнғироқларга жавоб бермаган.
Нашрнинг таъкидлашича, бу ҳолат Модининг АҚШ томонидан жорий этилган божхона тўловлари ва Трампнинг Ҳиндистон иқтисодиётига нисбатан танқидларидан норозилиги билан боғлиқ.