Араблар Ўзбекистондан футбол клуби харид қиладими?

Араб капиталига эга «No Limits Sport» инвестиция жамғармаси Ўзбекистондаги футбол клубларини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Жамғарма нафақат Ўзбекистон, балки Беларусь, Грузия ва Қозоғистондаги футбол клубларини ҳам таҳлил қилмоқчи. Жамғарма режасига асосан, яқин келажакда 10-12 та клуб чуқур таҳлил қилиниб, инвесторлар учун энг истиқболли активлар аниқланади.

Активлар қийматининг ўсиши ва инвестициядан олинадиган даромад нуқтаи назаридан энг мақбул вариантларни белгилаш учун батафсил ҳисобот тайёрланади. Ушбу ҳисобот асосида жамғарманинг кейинги сармоя йўналишлари белгиланиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, жамғарма аллақачон Россия Биринчи лигасида иштирок этаётган «Ротор» футбол клубини сотиб олишга қизиқиш билдирган. Араб инвесторлари Россияда яна икки футбол клубини сотиб олиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу ҳолат минтақа футбол бозорига хорижий капитал қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

«No Limits Sport» жамғармаси МДҲ мамлакатларида спорт индустриясини молиялаштиришга ихтисослашган инвестиция фонди ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, жамғарма ўз фаолиятини «Belhasa Sports» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Д.Тўхтаев тайёрлади.