Арманистон мухолифати Пашинянни истеъфога чиқаришга чақирди
“Ривожланаётган Арманистон” мухолифат партия аъзоси Наира Зограбян, Арманистон Миллий кенгаши депутатларини мамлакатдаги ҳарбий ҳолатни бекор қилишга ва Бош вазир Никол Пашинянни истеъфога чиқаришга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
“Бугун ушбу анжуманлар залида фақат битта масала муҳокама қилиниши керак – мамлакатдаги ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ва Никол Пашинян истеъфоси. Бошқа масалаларни муҳокама қилишга маънавий ҳаққимиз йўқ”, - таъкидлади Зограбян, парламентда қилган чиқишида.
Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бир неча кундан буён мухолифат намойишлари ўтказилмоқда. Унинг иштирокчилари Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга имзо қўйгани учун, Пашинян истеъфосини талаб қилмоқдалар. Арманистон махсус тергов хизмати “қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда тадбир уюштириш ва ўтказиш” моддаси билан жиноий иш қўзғади.
10 ноябрь куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида қўшма битим имзоладилар.
Келишувга биноан, Озарбайжон ва Арманистон битим қабул қилинган кунга қадар эгаллаб турган позицияларида қолдилар, шу билан бирга асирлар алмашуви амалга оширилди. Бундан ташқари, Қорабоғга Россия тинчликпарвар ҳарбийлари жойлаштирилди. Пашинян ўзининг Facebook саҳифасида ушбу келишув унинг учун жуда оғир бўлганини маълум қилди. Ўз навбатида Озарбайжон президенти Ильхом Алиев имзоланган келишувни Арманистоннинг таслим бўлиши деб атади. Унинг сўзларига кўра, келишув Боку манфаатлари учун ўта фойдали бўлган.